Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

“Ёшлар – 2030” стратегияси барқарор ривожланиш омили сифатида

22-04-2026 133

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар самарадорлигини баҳолашда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) муҳим концептуал ва методологик асос бўлиб хизмат қилади. Айниқса, сифатли таълим (4-БРМ), муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш (8-БРМ) ҳамда тенгсизликни камайтириш (10-БРМ) мақсадлари янги қабул қилинаётган ёшлар стратегияси билан бевосита уйғунлик касб этади.

    2026 йил 20 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳани 2030 йилгача ривожлантиришга қаратилган истиқболли режалар муҳокама қилинди. Тақдим этилган маълумотлар мамлакат аҳолисининг қарийб 25 фоизини ташкил этувчи 9,5 миллион нафар ёшлар билан ишлашда тизимли ва узоқ муддатли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Мазкур стратегия соҳадаги институционал ислоҳотларни, жумладан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 79-моддасида мустаҳкамланган ёшлар ҳуқуқларини амалда таъминлашнинг муҳим механизми ҳисобланади.

    Қайд этилганидек, стратегия доирасида ёшлар бандлигини таъминлаш энг устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, ҳар йили 600 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, “Янги авлод тадбиркорлари” дастури орқали 20 минг ёшни нуфузли халқаро таълим муассасалари (Гарвард, МИТ ва б.) методикаси асосида ўқитиш режалаштирилган. Бу кўрсаткичлар меҳнат бозорида рақобатбардошликни ошириш ва мамлакатнинг инновацион салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Иқтисодий рағбатлантириш билан бир қаторда таълим ва профессионал ривожланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2030 йилга қадар 450 минг ёшнинг чет тиллари бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш ва чекка ҳудудлардаги ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион сўмгача ссуда ажратилиши интеллектуал ҳудудий ривожланишни таъминлайди. Шунингдек, ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш ва волонтёрлик жамғармасидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратилиши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Стратегияда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва саломатликни муҳофаза қилиш масалалари ҳам қамраб олинган. Ҳар йили 10 мингта ёш оилани ипотека орқали уй-жой билан таъминлаш ҳамда руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш бўйича психологик кўмак тизимининг йўлга қўйилиши ижтимоий барқарорликнинг асосий омилидир. Халқаро ҳамкорлик йўналишида эса 100 минг нафар ёшнинг глобал дастурлардаги иштирокини таъминлаш Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини тезлаштиради.

    Шу нуқтаи назардан, “Ёшлар – 2030” стратегиясида барқарор ривожланишни таъминлаш учун таълим сифати, иқтисодий имкониятлар ва ижтимоий ҳимоя ўртасида мувозанатни сақлаш устувор аҳамиятга эга. Ёшларнинг эҳтиёжларини тизимли ўрганиш мақсадида Миллий ёшлар индексининг жорий этилиши эса қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг шаффофлиги ва объективлигини таъминлайди. Мазкур вазифаларнинг изчил ижроси стратегияда режалаштирилган кўрсаткичларга эришиш ва ёш авлоднинг Янги Ўзбекистон пойдеворини барпо этишдаги иштирокини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Шу билан бирга, ёшлар сиёсатини БРМ индикаторлари асосида мунтазам баҳолаш халқаро тажриба орқали қиёсий таҳлил қилиш миллий стратегияларни такомиллаштиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.