Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ёш авлод – барқарор ривожланиш кафолати

11-11-2025 52

    2025 йил 10 ноябрь куни Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича Тошкент вилояти кенгаши ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида “Ёш авлод – барқарор ривожланиш кафолати: чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимининг таълим-тарбия соҳасидаги аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

    Тадбирда Барқарор ривожланиш маркази экспертлари, Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича Марказий ва ҳудудий кенгашлар аъзолари, Чирчиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлими раҳбарияти, умумтаълим мактабларининг ЧҚБТ раҳбарлари ва ҳарбий фахрийлар иштирок этдилар.


    Тадбирнинг асосий мақсади:

Барқарор ривожланиш мақсадларининг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш;

Глобал ва миллий устувор йўналишлар ўртасидаги боғлиқликни тушунтириш;

Ўзбекистонда барқарор ривожланишга қаратилган ислоҳотлар мазмунини муҳокама қилиш;

Ёшларни миллий мақсадларга эришиш жараёнларига жалб этиш, уларда ватанпарварлик тарбиясини мустаҳкамлаш;

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик    тизимининг аҳамиятини очиб бериш.

    Чирчиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Отабек Шерметов тадбирни очар экан, Мудофаа вазирлигининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалардаги иштирокини қайд этди. Хусусан:

Қуролли Кучлар қудратини ошириш,

Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш,

Ватан ҳимоячилари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш муҳим йўналишлар сирасига киради.

    Марказ бўлим бошлиғи А. Мамаджанов ўз нутқида мамлакатда қабул қилинаётган муҳим стратегик дастурлар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий уйғун эканини таъкидлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва экологик барқарорлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар глобал тенденциялар билан ҳамоҳанг экани қайд этилди.

    У, шунингдек, БМТнинг “Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи”нинг 2025 йилги ҳисоботига кўра Ўзбекистон 167 давлат орасида 62-ўринни эгаллаганини айтиб ўтди. Мамлакат 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европада барқарор ривожланиш борасида изчил илгарилаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

    Маърузачи ўз тақдимотида мамлакатнинг барқарор келажаги аввало ёшлар маънавий етуклиги, жисмоний соғломлиги ва ватанпарварлик туйғуси билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги қуйидаги сўзлари келтирилди:

    “Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, ватанпарварлик, гуманизм ва дўстлик каби олижаноб ғояларни сингдириш – долзарб вазифамиздир.”

    Бу сўзлар ёшлар тарбияси ва улар онгида тинчликка ҳурмат, Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.

    Ҳозирги глобал шароитда – геосиёсий зиддиятлар, ҳарбий тўқнашувлар ва динлараро низолар авж олган пайтда – ватанпарварлик туйғуси ҳар бир фуқаро учун зарур бўлиб қолгани таъкидланди.

    Президентнинг яна бир фикри келтирилди: “Бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқародан ватанпарвар бўлишни тақозо этмоқда. Бунда, айниқса, ҳарбий хизматчилар, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.”

    Ёш авлодни ватан ҳимоясига тайёрлаш ёшларнинг маънавий баркамоллигига, мафкуравий иммунитетига, фуқаролик масъулиятининг ошишига хизмат қилади.

    Бу тизим миллий армия, давлат хизмати ва жамиятнинг турли соҳалари учун ишончли, билимли ва фидойи кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

    Иштирокчиларнинг умумий хулосасига кўра: ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда жамият олдидаги масъулият ҳиссини шакллантириш – мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва тинчлигининг асосий кафолатидир.

Шунингдек, тадбирда қабул қилинган тавсиялар “2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар”ни амалга оширишда муҳим амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.