Биологик хилма-хиллик табиат мувозанатини сақлашда долзарб аҳамиятга эга. Қолаверса, биологик хилма-хиллик инсон ҳаёти ва фаолияти, саломатлиги учун ҳам муҳим омилдир. Аммо афсуски, сўнгги пайтларда глобал экологик муаммолар тобора кескин тус олиб бораётгани ва инсон омили оқибатида биологик хилма-хиллик камайиб кетмоқда.
Барқарор ривожланиш маркази ва ЎзА ҳамкорлигидаги «Мақсад» лойиҳасининг бу галги сонида биохилма-хиллик тушунчаси, унинг аҳамияти ва биохилма-хилликни асраш масалалари ҳақида суҳбатлашдик. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, эколог олим Борий Алихоновни таклиф қилдик.
— Борий Ботирович, аввало, биологик хилма-хиллик тушунчаси қандай изоҳланади, унинг аҳамияти нимада? Биологик хилма-хилликнинг Ер сайёрасидаги тадрижий ривожланиши қандай ҳолда кечган?
— Биологик ҳаёт бу тирик организмларга хос бўлган, уларнинг пайдо бўлиши, ўсиши, ривожланиши, кўпайиши билан боғлиқ жараёндир. Бунга ўсимликлар ҳам, бир ҳужайрали организмлар ҳам, замбуруғлар ҳам киради. Буларнинг ҳаммаси биохилма-хилликни қамраб олади.
Шу ўринда бирозгина мозийга назар ташлаб, “ҳаёт қандай пайдо бўлган?” деган саволга жавоб топсак. Илмий тадқиқотларга кўра, Ернинг геологик умри 4,5 миллиард йилдан ошиқроқни ташкил этади. Бундан тахминан 3 миллиард 900 миллион йил аввал бир ҳужайрали бактериялар вужудга кела бошлаган. 2,5 миллиард йил аввал эса кўп ҳужайрали организмлар пайдо бўла бошлаган. Булардан кейин эса, бундан 551 миллион йил аввал Ер юзида ҳозирги кундаги ҳайвонот дунёсига ўхшаш бўлган ҳайвонот олами пайдо бўла бошлаган. 450 миллион йил аввал олий ўсимликлар, 400 миллион йил аввал эса дарахтзорлар пайдо бўла бошлаган.
Бир ва кўп ҳужайрали организмлар, ҳайвон ва ўсимликларнинг пайдо бўлиши оралиғидаги 1-1,5 миллиард йиллик даврларнинг қандай тадрижий босқичлардан ўтганини кўришимиз мумкин. Демак, булардан Ер сайёрасида ҳаётнинг пайдо бўлиши узоқ муддатли, машаққатли даврни босиб ўтганини кўриш мумкин.
— Ҳозирда Ер юзидаги биохилма-хилликнинг аҳволи қандай, унинг келажаги қай ҳолда бўлади?
— Биологик хилма-хиллик борасида 2 миллиондан ортиқ ҳар хил наботот ва ҳайвонот олами турлари аниқланган. Лекин бу даражага етиб келиш учун биологик хилма-хиллик жуда ҳам катта машаққатли йўлни ҳамда кенг кўламли қирғинларни бошидан ўтказган. Хусусан, 544 миллион йил мобайнида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида бешта оммавий қирғин юз берган.
Биринчи, иккинчи ва учинчи қирғин жараёнларида бутун ҳайвонот оламининг 75 фоизидан 96 фоизигача бўлган қисми умуман йўқ бўлиб кетган. Охирги бешинчи босқич — бундан 66 миллион йил аввал астероид тушиши оқибатида кўплаб динозаврлар йўқ бўлиб кетган. Умуман, Ер юзидаги жонзотларнинг қирилиб битиши содир бўлган. Буларга вулқонлар отилишидан тортиб даврий музликлар, материкларнинг ажралиши ёки тўқнашиши каби ҳолатлар сабаб бўлган, деган илмий тахминлар бор.
Ҳозир эса ҳайвонлар қирилиб кетишининг олтинчи даврини бошимиздан ўтказяпмиз. Афсуски, бу сафар инсоннинг “қўли билан” ҳайвонот олами борган сари йўқолиб боряпти. Ҳар йили юзлаб ҳайвонот ва ўсимлик турлари бутунлай йўқолиб кетяпти. Буларни миллионлаб йиллар аввал юз берган ўша даврий ўзгаришларга солиштирсак, бугунги кунда ҳайвонот ва наботот оламининг қирилиб кетиши ўтмишдагига нисбатан 100, ҳатто 200 баробар тезроқ кечаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу жуда ачинарли ҳолат.
— Бу келажакда қанақа оқибатларга олиб келади?
— Агар мана шундай оқибатлар давом этадиган бўлса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 2000 йилга нисбатан 2050 йилга бориб Ер юзидаги флора ва фауна 61 фоиздан 72 фоизгача қисқариб кетиш хавфи бор. Бу эртага Ер юзида биохилма-хилликнинг тобора қисқариб бораётганидан далолат беради.
Бунга нафақат браконьерлик, табиий ресурсларни қирғин қилиш ёки ўрмонларнинг кесилиши, балки ҳатто генетик модификацияланган организмлар (ГМО) ҳам сабаб бўляпти. Уларнинг ҳисобига ҳам биохилма-хиллик борган сари қисқариб кетяпти.
Масалан, бир неча ўн йиллар аввал оқ каркидонлар икки-уч минг бошни ташкил қилар эди. Ҳозир эса бор-йўғи иккитагина оқ каркидон қолган, улар ҳам урғочи. Яъни, уларни табиий йўл билан урчитиб бўлмайди, фақатгина сунъий урчитиш орқали бу турни сақлаб қолиш мумкин. Мана шуларнинг ҳаммаси оддийгина инсон қўли билан барбод бўлди. Австралиядаги халтали бўридан тортиб, Оролбўйи ҳудудида, умуман, Ўзбекистон ҳудудида яшаган бир неча ҳайвон турлари, шу жумладан, Турон йўлбарси ҳам йўқ бўлиб кетганига биз, бир авлод вакиллари гувоҳ бўлиб турибмиз.
— Бу борада Ўзбекистон ҳудудида қанақа муаммолар бор?
— Сўнгги йиллар мобайнида табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, айниқса, биохилма-хилликни сақлаш бўйича кўплаб чора-тадбирлар кўриляпти. Мисол учун, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони мамлакатимиз умумий майдонининг 15 фоизига етди. Бу ҳатто дунёдаги ўртача кўрсаткичдан кўпроқ.
Ўзбекистондаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг 80-85 фоизи айнан ана шу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда яшайди ва ўсади. Бироқ динамикага қарайдиган бўлсак, ҳали олдимизда кўплаб муаммолар турганидан далолат беради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 4 минг 500 га яқин олий ўсимлик турлари мавжуд. 15 минг 709 та ҳайвон тури бор. Шулардан 15 мингтаси умуртқасизлар (чувалчанглар, ҳашаротлар ва ҳ.к.) бўлса, бор-йўғи 709 таси умуртқали ҳайвонлардир.
1983 йилга нисбатан Ўзбекистон Қизил китоби, афсуски, икки баробар кўпроқ ўсимлик ва ҳайвонот турлари билан тўлдирилди. Яъни, янги турлар хавф остидаги заиф ёки ноёб турлар сифатида рўйхатга олинди.
Албатта, биохилма-хилликни сақлаш фақатгина муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар билан чегараланиб қолмаслиги керак. Уларни нафақат сон, балки сифат жиҳатидан баҳолаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, кўпайтириш ҳамда яшаш майдонларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор беришимиз лозим.
— Нодир ҳайвон ва ўсимлик турларининг камайиб ёхуд йўқолиб боришида ноқонуний ов ва ёввойи табиатга зарар етказиш оқибатларининг “ҳиссаси” қандай?
— Бу энг асосий омил. Дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, браконьерлик — ҳайвонот ва ўсимлик оламини нобуд қилишдан келадиган ноқонуний даромад учинчи ўринда туради. Биринчи ўринда ҳарбий қурол-аслаҳалар савдоси бўлса, иккинчи ўринда табиий ресурслар (нефть, газ ва ер ости бойликлари) савдоси, учинчи ўринда эса айнан ноқонуний браконьерлик ва унинг оқибатида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини йўқ қилиш туради.
Юқорида айтганимиздек, оқ каркидон нима учун овланган? Тумшуғидаги қимматбаҳо шохи учун овланган. Филлар ҳам, бошқа ноёб ҳайвонлар ҳам айнан шу мақсадда қирғин қилиниб, йўқолиб боряпти. Булар биохилма-хилликка энг катта путур етказаётган омиллар ҳисобланади.
— БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида экология ва биохилма хилликни асраш борасидаги мақсадлар доирасида мамлакатимизда қандай ишлар олиб бориляпти, олдимизда қандай масала ва вазифалар бор?
— Ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланиши учун олтита омил керак. Биринчиси — иқтисодий ўсиш, иккинчиси — ижтимоий ҳимоя, учинчиси — экологик хавфсизликни таъминлаш, тўртинчиси — ёшларнинг маънавий барқарорлигини таъминлаш, бешинчиси — институционал тузилмаларни ривожлантириш ва олтинчиси — ҳам давлат, ҳам жамият бошқаруви бўйича ҳуқуқий тизим ва қонунчиликни ривожлантириш.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қабул қилган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари айнан мана шу йўналишларни қамраб олади. Албатта, бу ерда ижтимоий муносабатлар, сиёсий ва экологик масалалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон ҳам 2015 йилда 16 та Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилди. (Фақат битта мақсад океан ва денгизлардаги фауна ҳамда флорани сақлашга бағишланган бўлиб, мамлакатимиз уммонга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмагани учун уни четлаб ўтдик.) Ўзбекистон танлаган 16 та мақсад бўйича Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилиниб, вазифалар ва индикаторлар аниқ белгилаб берилди. Жумладан, экология, ижтимоий соҳа, гендер тенглиги бўйича ҳам йўл хариталари ишлаб чиқилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон маълум даврларда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида қилинган ишлар бўйича халқаро ҳисоботлар топширади ва шунга қараб мамлакат рейтинги белгиланади.
Афсуски, БМТ Бош котиби Ассамблеянинг бир галги йиғилишида кўплаб мамлакатлар барқарор ривожланиш мақсадларига эриша олмаётгани, саъй-ҳаракатлар етарлича таъсирчан ва самарали бўлмаётганини ачиниб гапирган эди. Яъни, барқарор ривожланиш мақсадлари шунчаки шиор эмас, бу аниқ чора-тадбирлар ва қадамлардир. Бир муаммони ҳал қилмай туриб, иккинчисини ҳал қилиб бўлмайди, комплекс ёндашув керак.
Ҳозирги кунда нафақат биологик хилма-хиллик, балки чўлланиш, сув танқислиги, ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби мураккаб масалалар ўз ечимини топиши лозим. Бу каби экологик муаммолар Барқарор ривожланиш мақсадларида ўз аксини топган. Ушбу йўналишларда мамлакатимизда кенг кўламдаги саъй-ҳаракатлар мунтазам давом эттирилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир инсонда экологик қалб бўлиши, юксак экологик маданиятга эга бўлиш бу борадаги ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.