Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Янгийўл туманида БРМ-3 «Соғлиқ ва фаровонлик» мавзусида жамоатчиликмуҳокамаси бўлиб ўтди

18-09-2026 14

    2026 йил 17 сентябрь куни Янгийўл туманида    «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»    доирасида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда аҳоли ва ёшларнинг ўрни» мавзусида жамоат муҳокамаси ўтказилди. Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамда Янгийўл тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари ва Маҳалла уюшмаси вакилларидан иборат 50 нафар иштирокчи қатнашди.

    Тадбирни туман бош мутахассиси Ҳилола Сулаймонова очиб бериб, глобал ҳамда миллий вазифаларни амалга оширишда маҳалла институтининг ролига тўхталди. Муҳокаманинг асосий кун тартиби БРМнинг 3-мақсади — «Яхши соғлиқ ва фаровонлик» ижросини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда бу борада «Маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга қаратилди.

    Барқарор ривожланиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Абдуманоп Туляганов ўз маърузасида маҳаллани ижтимоий барқарорликнинг таянч тузилмаси сифатида баҳолади. У «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали манзилли ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ёшлар тарбияси, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда «Маҳалла еттилиги» орқали аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш механизмларига алоҳида урғу берди.

    Марказ эксперти Шодиёр Азизов ва туман тиббиёт бирлашмаси ўринбосари Муҳаррам Қувондикова ўз чиқишларида соғлиқни сақлаш тизимини    «даволаш»    моделидан    «профилактика ва касалликларнинг олдини олиш»    моделига ўтказиш заруратини таъкидладилар. Бунда тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, рақамли тиббиёт (телемедицина) имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг ўз саломатлиги учун масъулиятини ошириш асосий устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

    Жамоат муҳокамаси давомида маҳалла раислари томонидан ижро органлари ва тегишли идоралар олдига ҳудуддаги долзарб экологик ҳамда санитария муаммолари қўйилди. Хусусан, «Кирариқ» МФЙ раиси Л. Шоназарова аҳоли яшаш пунктларида жойлашган кимёвий ишлаб чиқариш қувватларини ҳудуддан ташқарига кўчириш, «Дархон» МФЙ раиси А. Мирзаев маҳаллаларни чиқинди ташиш техникаси билан таъминлаш таклифини илгари сурди. «Ватан» ва «Озод» МФЙ раислари чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ва Бўзсув канали атрофига тўкиш ҳолатларига чек қўйиш, Экология қўмитаси томонидан жарима чораларини кучайтиришни талаб қилдилар. Шунингдек, туманда қаровсиз ҳайвонлар кўпайиб кетгани сабабли жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

    Тадбир якунида кўтарилган тизимли ва инфратузилмавий муаммоларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

    Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлими