Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги Янгиариқ қурилиш ва транспорт техникумида Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилоят бўлинмаси ташаббуси билан “Барқарор ривожланишга илк қадам: мақсад ва вазифалар мазмуни ва моҳияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда барқарор ривожланиш мақсадларининг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш, глобал ва миллий мақсадлар ўртасидаги узвий боғлиқликни очиб бериш ҳамда Ўзбекистонда барқарор ривожланишга эришиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Техникум директори Шавкат Худайберганов тадбирни очиб, таълим муассасасида ёшларнинг экологик ва ижтимоий онгини ошириш, барқарор ривожланиш ғояларига қизиқишни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари, профессор Бахтиёр Рузметов ўз нутқида барқарор ривожланиш консепциясининг илмий ва амалий асослари ҳамда унинг глобал аҳамиятига тўхталиб, ҳозирги кунда инсоният олдида турган уч асосий глобал инқироз — иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланиши, табиий ресурсларнинг камайиши — барқарор ривожланиш йўлидаги энг катта таҳдидлар эканини таъкидлади.
Бўлинма раҳбари ушбу таҳдидларни енгиш учун ҳар бир давлат ва жамият, шу жумладан ҳар бир ёш инсон ҳам ўз ҳиссасини қўшиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фаол иштирок этиши, келажак тараққиёти учун пойдевор бўлади.
Халқаро миқёсда ҳам Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги эришган натижалари алоҳида эътироф этилмоқда. БМТнинг “Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи” халқаро ташкилоти 2025 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 167 та давлат орасида 73,1 балл билан 62-ўринни эгаллади. 2015 йилдан буён мамлакат Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фаол суръатларда тараққиётга эришган давлат сифатида тан олинмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқидан иқтибос келтирилганидек:
“Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз. Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир.”
Маърузада таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарди. Таълим ва илм-фан соҳасини модернизация қилиш, инновацион тармоқлар ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш орқали миллионлаб иш ўринлари яратилди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, аёллар ва ёшлар салоҳиятини юксалтириш, рақамли трансформация ва инновацион технологияларни жорий этиш йўналишларидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Давра суҳбати якунида ёшлар онгига барқарор ривожланиш, тинчлик ва бағрикенглик тамойилларини сингдириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Тадбир шу билан бирга ёш авлоднинг барқарор ривожланиш мақсадларига фаол ҳисса қўшиши, глобал масалаларга масъулият билан ёндашиши ва ўзини келажак учун масъул фуқаро сифатида ривожлантиришига хизмат қилди.
Барқарор ривожланиш маркази
Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари, проф.,
Бахтиёр Рузметов