2026 йил 29 апрель куни Барқарор ривожланиш маркази ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Кибрай туманида маҳалла фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари ва таълим тизими вакиллари иштирокида илмий-амалий давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда маҳалланинг ўрнига бағишланиб, “Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида маҳалланинг ўрни” мавзусида ўтказилди.
Давра суҳбати туман ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, техникум ўқитувчилари ва ўқувчилари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу эса тадбирнинг амалий аҳамиятини ошириб, турли қатлам вакилларининг фикр ва тажрибасини бир нуқтада жамлаш имконини берди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий ва институционал асослари, уларнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлиги атрофлича ёритилди. Шунингдек, хорижий тажрибалар таҳлил қилиниб, маҳалла институтини ривожлантиришда самарали механизмлар ҳақида фикр алмашилди. Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг амалий натижалари юзасидан ҳам иштирокчиларга батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар очиқ мулоқот руҳида кўриб чиқилиб, жамоатчилик иштирокини янада кучайтириш, маҳаллада манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳим фикрлар билдирилди. Бу эса тадбирнинг фақат ахборот алмашиш билан чекланмасдан, амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилганини кўрсатди.
Тадбирнинг иккинчи — амалий қисми ҳам мазмунли ташкил этилди. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бўстонлиқ туманидаги таълим муассасалари ҳудудларида кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унда ўқувчилар ва педагоглар фаол иштирок этиб, бир қатор мевали дарахт кўчатлари экилди.
Мазкур ташаббус нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилди, балки ёшлар орасида экологик маданиятни шакллантириш, табиатга эҳтиёткор муносабатни кучайтириш ва жамоавий масъулият ҳиссини оширишга қаратилган муҳим амалий қадам сифатида намоён бўлди