ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАР САЛОҲИЯТИ - БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИК ОМИЛИ
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати барқарор тараққиёт тамойиллари билан уйғун ҳолда тизимли равишда ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқоти ушбу йўналишдаги устувор вазифалар, эришилган натижалар ҳамда янги имкониятларни яна бир бор яққол намоён этди. Мамлакат бўйлаб 60 мингдан ортиқ ёшларнинг бевосита иштирок этгани ёшлар масаласи давлат тараққиётининг марказий масаласига айланганини тасдиқлайди.
Бугунги кунда юртимизда 22 миллиондан ортиқ ёшлар жамиятнинг энг катта демографик қатлами, айни пайтда эса мамлакат келажагини белгилаб берувчи стратегик ресурс сифатида намоён бўлмоқда.
Ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар таълим, инновация ва рақобатбардошлик соҳаларида аниқ ва салмоқли натижалар бермоқда. Хусусан, жаҳон фан олимпиадаларида қўлга киритилган 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медали миллий таълим тизимида сифат жиҳатидан янги босқичга чиқилганини кўрсатади. Халқаро таълим маконида 500 нафардан ортиқ ёшларнинг нуфузли университетларда, 3,5 мингдан зиёд йигит-қизларнинг эса ТОП-100 олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани инсон капитали ривожида барқарор тенденция шаклланаётганидан далолат беради.
Инновацион фаоллик ва тадбиркорлик йўналишларида ҳам изчил ўсиш кузатилмоқда. Миллий инновацион экотизим доирасида шаклланган 63 та стартап лойиҳасининг халқаро бозорларга чиққани ёшларнинг глобал рақобат шароитида ўз ўрнини топа олаётганини кўрсатади. Айни пайтда ёш тадбиркорлар мамлакат бизнес субъектларининг 35 фоизини ташкил этиши иқтисодиётда янги авлод иштироки тобора кучайиб бораётганини англатади.
Ёшлар бандлигини таъминлаш барқарор иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи шартларидан бири сифатида белгиланган. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 минг нафар ёш кириб келаётгани, яқин йилларда бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етиши прогноз қилиниши мазкур соҳада кенг кўламли, тизимли чора-тадбирларни тақозо этмоқда. Шу мақсадда йирик молиявий ресурслар сафарбар қилиниб, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш механизмлари изчил кенгайтирилмоқда. Қўшимча 200 миллион доллар маблағ ажратилиши, кредит лимитларининг оширилиши ва инвестиция имкониятларининг кенгайиши ёшларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Касбий таълим, бизнес кўникмалари ва амалиётга йўналтирилган дастурларнинг жорий этилиши меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган. “Дуал таълим” тизими, бизнес-инкубаторлар ҳамда халқаро таълим ҳамкорликлари ёшларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ижтимоий фаоллик йўналишида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Волонтёрлик ҳаракатида иштирок этаётган ёшлар сонининг 100 минг нафардан ошгани жамиятда фуқаролик масъулияти, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик кучайиб бораётганини кўрсатади. Давлат томонидан яратилаётган грантлар ва рағбатлантириш механизмлари ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим омилга айланмоқда.
Янги Ўзбекистонда ёшлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар барқарор тараққиётнинг асосий драйверларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Таълим, инновация, тадбиркорлик ва ижтимоий фаоллик соҳаларидаги изчил ўсиш мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.