2026 йил 4 май куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари иштирокида “Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва давлат бошқарувини халқчил асосда такомиллаштиришда маҳалла институтининг роли алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, маҳалла бугун жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва давлат сиёсати ижросини таъминлашда муҳим бўғинга айланган.
Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизимининг жорий этилиши аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришда самарали механизм сифатида эътироф этилди. Ушбу тизим орқали ҳудудлардаги муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларга манзилли ечимлар ишлаб чиқиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайгани таъкидланди.
Шунингдек, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани маҳалла институтини давлат ва жамият ҳаётида янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик қарор сифатида баҳоланди.