Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақидаги китоблар — халқаро интеллектуал мулоқот марказида

08-07-2026 116


    Тошкентда 7–11 июль кунлари ўтказилаётган    “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли”    мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат илмий ва маърифий мулоқотлар, балки Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт тажрибасини халқаро ҳамжамиятга кенг танитишга хизмат қилаётган муҳим майдонга айланди.    

    Турли давлатлардан ташриф буюрган олимлар, экспертлар, сиёсатшунослар, журналистлар ва дин арбоблари иштирокида ўтаётган форумда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бағрикенглик сиёсати, маданий меросни асраб-авайлаш ва илм-маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар юксак эътироф этилмоқда.

    Форум доирасида    Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлари иштирокидаЎзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистон ғояси ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритувчи китоблар тақдимотлари ташкил этилди.    

    Мазкур тадбирлар форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, конструктив мулоқот ва фикр алмашувлар учун яна бир муҳим майдон вазифасини ўтади.

    Жумладан, ироқлик публицист ва ёзувчи    Аҳмад Жасим Зубайдий    иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш ҳамда хорижий давлатлар билан ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган сиёсати акс этган    “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри”    китоб-альбоми форум иштирокчиларига таништирилди.

    Аҳмад Жасим Зубайдийнинг таъкидлашича, мазкур китоб билан танишар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кўп асрлар давомида турли миллатлар ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келгани ҳақидаги фикрлари унда катта таассурот қолдирган. Унинг қайд этишича, ана шу тарихий ворислик бугун Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ўзаро ҳурматга асосланган давлат сиёсатининг мустаҳкам пойдеворига айланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги, турли конфессия ва миллат вакиллари учун яратилган тенг ҳуқуқ ва имкониятлар мамлакатда инсонпарварлик тамойиллари изчил қарор топаётганининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида эътироф этди.

    Покистонлик журналист ва ёзувчи Мухаммад Аббос Хон мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, илм-фан, таълим, инновациялар ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга бағишланган ўзининг    “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти”    китобини форум қатнашчиларига таништирди. Муаллиф асарда Янги Ўзбекистоннинг стратегик тараққиёт модели, маърифатга таянган давлат қуриш ғояси ва кенг кўламли янгиланишларни таҳлилий ёндашув асосида ёритган.

    Ўз чиқишида Муҳаммад Аббос Хон китобнинг бош ғояси ҳақида тўхталиб,    “Менинг наздимда, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс ғояси шунчаки сиёсий режа эмас, балки инсоний қадриятларни, сиёсий барқарорликни ва тараққиётга интилишни устувор мақомга қўядиган Ўзбекистон келажагининг концепциясидир. Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс — бу фақат маънавий-сиёсий ислоҳотлар ёки иқтисодий жонланиш эмас. Бу — ундан-да аҳамиятлироқ тарихий ҳодиса, асрлар давомида ушбу минтақанинг жавҳари бўлган буюк маданият, илм-фан ва маърифат анъаналарининг қайта тикланиш жараёнидир”, дея таъкидлади.

    Форумнинг яна бир аҳамиятли тақдимотларидан бири сифатида халқаро журналист    Валерий Бирюков    иштирокида    «Шавкат Мирзиёев – жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби»    китоб-альбоми форум иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди. Мазкур нашрда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда бу жараёнларга халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар раҳбарлари ва нуфузли экспертлар томонидан билдирилган юксак баҳо ва эътирофлар жамланган.

    Китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритган    Валерий Бирюков    уни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистонда кечаётган туб ўзгаришларга халқаро ҳамжамиятнинг муносабати ва баҳоларини чуқур ўрганиш имконига эга бўлганини таъкидлади. Унинг фикрича,    ушбу китобда жамланган фикрлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг халқаро миқёсда қандай қабул қилинаётганини холис акс эттиради. Бу борада БМТ Бош котиби    Антониу Гутерришнинг:    “Ўзбекистон Президенти — адолат, тинчлик ва бунёдкорлик тамойилларини изчил илгари сураётган етакчидир. Унинг раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги янгиланишлар даврини очиб бериб, мамлакат ривожида ҳақиқий квант сакрашига айланди. Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев халқлар ўртасидаги ҳамкорлик кўприкларини бунёд этувчи, ҳалол воситачи ва тинчлик элчисидир”, деган фикрларини ёрқин мисол сифатида келтирди.

    Валерий Бирюковнинг қайд этишича, китобда ўрин олган бундай эътирофлар шунчаки расмий баёнотлар эмас. Улар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат ҳамда мамлакатнинг халқаро майдонда тобора мустаҳкамланиб бораётган нуфузига берилган холис ва асосли баҳонинг амалий ифодасидир. Шу маънода, мазкур китоб нафақат халқаро фикр-мулоҳазалар тўплами, балки Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган тараққиёт йўлини ёритувчи муҳим манба сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

    Тақдимотлардан сўнг ўтказилган муҳокамаларда хорижлик экспертлар мазкур китоблар форумнинг бош ғояси —    тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат орқали тараққиётга эришиш    тамойилининг амалий ифодаси эканини алоҳида таъкидладилар.    

    Уларнинг фикрича, китобларда келтирилган маълумотлар ва ҳаётий мисоллар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар назарий ғоя эмас, балки аниқ натижаларга асосланган тараққиёт модели эканини яққол намоён этади.

    Экспертлар, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик муҳитини қарор топтириш, маданий меросни асраб-авайлаш, илм-фан ва таълимни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантириш борасидаги ишлар форум мавзуси билан тўла ҳамоҳанг эканини қайд этдилар. Уларнинг таъкидлашича, мазкур китоблар мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни халқаро ўқувчи ва экспертлар учун холис, далилларга асосланган манба сифатида акс эттириши билан алоҳида аҳамият касб этади.

    Форум иштирокчилари мазкур нашрлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ ва конструктив сиёсати, инсон қадрини улуғлаш, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда Учинчи Ренессанс ғояларини халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этдилар.