2022 йил 2 апрель куни Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва ҳуқуқшунослик фанларининг долзарб муаммолари” мавзусида офлайн ва онлайн шаклда илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ташкил этилди.
Илмий-амалий тадбирда Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, Ўзбекистондаги юридик ва турдош олий ўқув юртлари, вазирлик ҳамда идоралари билан бир қаторда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, соҳанинг етук олимлари, шунингдек, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” фундаментал асарида таъкидланганидек, ҳозирги глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва жадал ўзгариб бораётган замон, ҳаётнинг ўзи мамлакатимизни янада модернизациялаш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида янги ва янги ечимини кечиктириб бўлмайдиган, ўта долзарб вазифаларни қўймоқда.
Илмий-амалий тадбирнинг асосий мақсади – “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгиланган вазифалар, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича ҳуқуқшунослик фани олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, соҳадаги илмий-амалий ишлар режасини тузишга оид таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
Илмий-амалий тадбирнинг асосий вазифаси юқоридаги муаммолар юзасидан соҳа мутахассисларининг илмий хулосаларга асосланган фикр-мулоҳазаларини тинглаш, мазкур йўналишдаги халқаро тажриба ва амалиётни ўрганиш, таҳлил этиш, уларни амалга оширишнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўзаро уйғунлаштириш, шунингдек, бу борадаги аниқ вазифаларни келишиб олишдан иборат.
Президентнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобида кўзда тутилган кодекслар, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш нафақат улардаги нормаларни миллий ривожланишимиз қонуниятлари, илғор хорижий ва халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиш асосида аниқлаш, балки уларнинг иқтисодиётга, тадбиркорликка, ижтимоий, маънавий-маърифий ва бошқа боғлиқ соҳаларга таъсирини ҳам чуқур ўрганишни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимиздаги фан ва таьлим соҳасидаги туб ислоҳотлар натижасида қайта тикланган Фанлар академияси тизимидаги институтлар ва бошқа тадқиқот марказлари, ҳусусан Давлат ва ҳуқуқ институти, ҳуқуқшуносларни тайёрловчи юридик университетлар, академиялар, факультетлар ва юридик техникумларнинг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунослар олдига қатор долзарб вазифаларни қўяди.
Биринчидан, Президентнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобидаги мақсадлар, ғоялар ва ислоҳотлар руҳи асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган етти йўналиш ҳамда юзта мақсадни ўзида мужассамлаштирган, юридик прогнозлаш усулларига асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш талаб этилди.
Иккинчидан, миллий конституциявий тараққиётимиз ва тажрибамиз, конституционализмнинг ривожланишига доир халқаро ҳуқуқ ва илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш борасида асослантирилган, ҳаётимизнинг ўзи, жамиятимиз ва давлатимиз ривожи талаб этаётган таклифларни ишлаб чиқиш.
Учинчидан, кодификация назарияси ва амалиётини чуқур ўрганиш, юридик прогнозлаш асосида қонунчилигимизни тизимлаштириш.
Тўртинчидан, юридик таьлим, қайта таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимини, юридик фанлар бўйича дастурларни тубдан қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш.
Айниқса, ҳуқуқшунослик мутахассисликлари бўйича бакалавриат, магистратура, малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлаш, таянч докторантура ва докторантурада амалга ошириладиган фундаментал, илмий, илмий-амалий изланишлар бўйича намунавий дастурларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш – бугунги кун, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар талабидир.
Тадбир давомида, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган долзарб мавзулар – қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқий соҳадаги халқаро илмий тадқиқотларни такомиллаштириш каби мавзуларга бағишланган маърузалар тингланди.
Тадбир якунида юридик фанлар соҳасида 12.00.01 – 12.00.14 ихтисослик шифрлари бўйича PhD ва DSc намунавий мавзулари тасдиқлан ди ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан чоп этилган юридик адабиётлар тақдимоти ўтказилди.