2026 йил 19 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли фундаментал асарининг араб тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур асар жаҳон давлат ва сиёсат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакилларининг юксак эътиборини қозониб, хорижий нашриётларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бугунга қадар у араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилиниб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотган асарнинг араб тилидаги тақдимотида Иордания парламенти — Мажлис ал-Умма аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари, нуфузли таҳлил марказлари экспертлари ҳамда Араб Шарқининг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тақдимот иштирокчилари мазкур асарда илгари сурилган ва умумбашарий муаммолар ечимига доир концептуал ғояларни муҳокама қилиб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларни ўрганаётган халқаро тадқиқотчиларнинг баҳолари билан танишдилар.
Асарда жаҳондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ўзгаришлар, 2016 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, институционал модернизация жараёнлари, уларнинг мамлакат тараққиёти ва ташқи сиёсатига таъсири атрофлича таҳлил қилинган.
Шунингдек, ушбу ўзгаришларнинг халқаро аҳамияти, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобининг тақдимот тадбирлари Аммон шаҳридаги бир қатор нуфузли масканларда, жумладан, Ал-ул-Байт университети ҳамда Жаҳон ислом фанлари ва таълим университетида (WISE) ўтказилди.
Мазкур номдаги китоб билан бир қаторда араб тилида нашр этилган яна тўққизта номдаги китоб ва альбом ҳам тақдим этилди. Ушбу нашрларда Янги Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, бой тарихий мероси, Учинчи Ренессанс ғояси ҳамда мамлакатнинг халқаро ташаббуслари ёритилган.
Китоблар тақдимотида иштирок этган Иордания Подшоҳлиги Вақф ва ислом ишлари вазири Шайх Муҳаммад Аҳмад Ал-Халайла, жумладан шундай деди:
“Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг муборак қаламига мансуб асарлар тақдимотида иштирок этдик. Ушбу китобларда мамлакатнинг бой цивилизацион мероси, бугунги ислоҳотлари ва келажак тараққиётига қаратилган эзгу мақсадлар чуқур акс этган. Улар Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси ва ривожланиш йўлини англашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, Президент раҳбарлигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътиборга лойиқ. Диннинг инсонпарварлик моҳиятини англаш, илм-маърифат, бағрикенглик ва соғлом диний тафаккурни қарор топтиришга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳам муҳим тажриба бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларини Ўз паноҳида асраб, эзгу ниятларини ижобат айласин!”
Қайд этиб ўтилганидек тадбирларда Иордания парламенти — Мажлис ал-Умма аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Хусусан, Мамдуҳ Набос – Иордания Аъёнлар мажлиси (Сенат) аъзоси ўз нутқида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Бугун ватаним Иорданияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари тақдимотида иштирок этаётганимдан мамнунман. Мазкур тадбир муаззам Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, минтақавий ва халқаро майдондаги тобора юксалиб бораётган нуфузини янада чуқурроқ англаш имконини берди. Асар билан танишар эканман, унда мамлакат тақдири учун юксак масъулият, инсон қадрига эҳтиром ва келажак авлодлар олдидаги бурч туйғуси мужассам эканини ҳис қилдим.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, стратегик тафаккури ва узоқни кўра билиши Янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси ва халқаро майдондаги нуфузи юксалишида муҳим омил бўлмоқда.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий, маданий ва маънавий яқинликка асосланган муносабатлар бугунги каби маърифий мулоқотлар орқали янада мустаҳкамланади. Зеро, халқлар дўстлиги, аввало, қалблар ва тафаккурлар яқинлиги билан юксалади”.
“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли асарни араб тилига таниқли адиб, профессор Аҳмад Ал-Зубайди таржима қилган.
Таъкидлаш лозимки, жаноб Аҳмад Ал-Зубайди узоқ йиллар Ўзбекистонда яшаб, араб дунёси матбуоти учун мамлакатмиз ҳақида минглаб мақолалар ёзган. Таниқли адибнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илмий-маърифий, диний-маънавий соҳада олиб бораётган сиёсатининг моҳияти ва туб фалсафасини ёритишга бағишланган. араб тилидаги “Маънавият — Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи” номли асари эса китобхонлар эътиборини тортди.
Жаноб Аҳмад Ал-Зубайди ўз интервьюсида шундай деди:
“Менимча, Янги Ўзбекистон ҳақида чуқурроқ тасаввурга эга бўлишни истаган ҳар бир араб китобхони ушбу асарларни ўқиши керак. Зеро, уларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг стратегик тафаккури, узоқни кўра билиши, илғор ғоялари ва мамлакат келажагига қаратилган қарашлари мужассам. У қўшни давлатлар билан муносабатларни янги босқичга олиб чиққан, араб дунёси билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётган ва Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори сифатида тарихда ўз ўрнини топаётган давлат арбобидир.
Арабларда “Ал-илму нур”, яъни «Илм — нурдир», деган ҳикмат бор. Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий каби буюк алломалар асрлар давомида инсониятга илм-маърифат зиёсини таратиб келган. Бугун Президент Шавкат Мирзиёевни ана шу улуғ маърифатпарварлик анъаналарининг муносиб давомчиси деб биламан. Унинг ислоҳотлари, илғор ғоялари ва тараққиётга қаратилган сиёсати нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда”.
Тақдимот доирасида тақдим қилинган “Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби”, “Мустақиллик зафарномаси” ва “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри” китоб-альбомлари, “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” каби қатор китоблар Иордания кутубхоналарига кўп нусхада совға қилинди ва китобхонлар қўлига етиб борди.
Тақдимотлар давомида Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси томонидан араб тилида тайёрланган “Янги Ўзбекистон феномени”га бағишланган қатор видеороликлар намойиш этилди.
Амман шаҳридаги халқаро тақдимотлар Ўзбекистоннинг бой исломий ва илмий меросини халқаро ҳамжамиятга кенг танитиш, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган маърифий лойиҳалар мазмун-моҳиятини теран англаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания, қолаверса, бутун Араб Шарқи давлатлари ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Барқарор ривожланиш маркази
матбуот хизмати