2022 йил 2 июнь куни “Минтақавий мулоқот” ташкилотининг (Словения) Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Петра Горюп хоним ва Барқарор ривожланиш маркази директори Маъруф Усмонов томонидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Жумладан, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурати қайд этилди.
Меморандумда Томонлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий вазифаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар:
– қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, коррупция ва жиноятчиликнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини амалга ошириш;
- Барқарор ривожланиш мақсадларининг долзарб масалалари ва томонларни қизиқтирган тегишли масалалар бўйича таҳлилий ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаш;
- Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқ бўлган жамоатчиликни қизиқтирган долзарб мавзуларда тадбирлар ташкил этиш, лойиҳаларни амалга ошириш;
- халқаро ва миллий тажрибани ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва тарқатишда, шу жумладан семинар-тренинглар ва ўқув саёҳатларини ташкил этишда кўмаклашиш;
- хабардорликни ошириш ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши соҳасида яхлит тизимни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги тадбирларни амалга ошириш мақсадида таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларнинг манфаатдор томонлар ўртасида кенг тарқалишини таъминлаш.
БРМ мазкур соҳада халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиш борасида қўшимча ташкилий ва амалий тадбирларни режалаштирган.