2025 йил 30 октябрь куни Тошкентда “Барқарор ривожланиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти ва Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, атроф-муҳит муҳофазаси ва “яшил иқтисодиёт” соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида қуйидагилар назарда тутилган:
- иқлим ўзгариши ва экология соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
- талабалар, магистрантлар ва ёш олимлар учун стажировкалар, малака ошириш курслари ва академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш;
- аҳоли, айниқса ёшлар ва хотинқизлар ўртасида экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган маърифий ва ахборот кампанияларини ўтказиш;
- Ўзбекистонда ва минтақада халқаро конференциялар, форумлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш;
- миллий қонунчиликни такомиллаштиришда халқаро ҳуқуқий тажрибани жорий этиш ҳамда хорижий экспертлар билан ҳамкорлик қилиш.
Томонлар ўртасида имзоланган ушбу ҳужжат келгуси 5 йил давомида қўшма ташаббуслар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, у миллий ва минтақавий даражада БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.