2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда “Камбағал оилалар реестри” негизида ягона “Ижтимоий реестр” жорий этилди.
Янги реестр ижтимоий ҳимоя чораларини манзилли, шаффоф ва самарали ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқ баҳолаш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
“Ижтимоий реестр” доирасида оилалар қуйидаги уч тоифага ажратилади:
1. Давлат таъминотидаги оилалар — оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган бўлиб, ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
2. Камбағал оилалар — оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган, аммо ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
3. Камбағаллик чегарасидаги оилалар — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган оилалар.
Ягона “Ижтимоий реестр”нинг жорий этилиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати самарадорлигини ошириш, ижтимоий ёрдам ва хизматларни манзилли тақдим этиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг муҳим босқичи ҳисобланади.