2026 йил 12 июль куни Хоразм вилояти телерадиокомпаниясида “БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган – Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш тўғрисидаги резолюциянинг мазмун-моҳияти” мавзусига бағишланган илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Хоразм МТРК масъул ходимлари, республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар раҳбарлари иштирок этишди. Анжуманда Барқарор ривожланиш мақсадлари Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор Б.Рузметов маъруза билан қатнашиб, мамлакатимизнинг етакчи телеканаллари, хусусан, “Ўзбекистон 24”, Хоразм телерадиокомпанияси ҳамда вилоят радиосига батафсил интервью берди.
Профессор Б.Рузметов ўз маърузасида мазкур халқаро ҳужжатнинг концептуал жиҳатларига тўхталиб, унда белгиланган стратегик йўналишларни таҳлил қилди. Хусусан, резолюцияда Марказий Осиёнинг жамоавий ва ички салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, минтақада аҳоли, товарлар, хизматлар ҳамда капиталнинг тўсиқсиз ва эркин ҳаракатланишини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган бўлиб, бу трансчегаравий савдо алоқаларини жадаллаштириш ва логистика инфратузилмасини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, БМТ даражасида илк бор минтақа давлатларининг кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш масаласи илгари сурилгани алоҳида эътироф этилди. Профессорнинг таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар минтақавий иқтисодиётнинг барқарорлигини ошириш ва ёш авлод учун янги иш ўринларини яратишнинг бош омилидир. Якунда резолюциянинг глобал аҳамиятига тўхталиб, ушбу ҳужжат Марказий Осиёни нафақат ички бозор билан чекланган ҳудуд, балки уни Европа ва Осиёнинг йирик трансмиллий иқтисодий тизимлари билан боғловчи стратегик ва геосиёсий кўприк сифатида баҳолаши таъкидлаб ўтилди.