Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбековнинг “Хоразм вилоятида ҳудудий иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги илмий мақоласи “Танқидий назар, таҳлилий тафаккур ва инновацион ғоялар” Республика илмий-амалий конференция тўпламида чоп этилди.
Мазкур мақолада замонавий иқтисодий тебранишлар кучайиб бораётган шароитда ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш масалалари таҳлил қилинган. Муаллиф томонидан Хоразм вилоятининг мавжуд иқтисодий салоҳияти, ҳудудий ривожланиш омиллари ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш механизмлари илмий жиҳатдан ўрганилган.
Тадқиқотда ҳудуд иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, инвестиция фаоллигини кучайтириш ва ички ресурслардан самарали фойдаланиш барқарор ривожланишнинг муҳим шартлари сифатида кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Хоразм вилоятида саноат тармоқларини модернизация қилиш, юқори технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш жараёнлари таҳлил қилинган.
Мақолада ҳудудий иқтисодий барқарорликни таъминлашда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни алоҳида ёритилган. Хизматлар соҳасининг ривожланиши аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини асослаб берган.
Шунингдек, тадқиқотда Хоразм вилояти иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, рақамли технологиялардан фойдаланиш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, туризм ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Ҳудуднинг географик жойлашуви, тарихий-маданий мероси, туристик имкониятлари ва инсон капитали салоҳияти янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантиришда муҳим омил экани таъкидланган. Ушбу омиллардан самарали фойдаланиш ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ҳудудий иқтисодий барқарорликка эришиш учун ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан янгилаш, инновацион ривожланишни рағбатлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилаш муҳим аҳамият касб этади. Мақолада илгари сурилган илмий хулоса ва тавсиялар ҳудудларни барқарор ривожлантириш дастурларини такомиллаштиришда амалий аҳамиятга эга.