Бугунги кунда дунёда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон қонунчилигида ҳам хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенг ҳуқуқлиликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланганидек, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқларни амалга оширишда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни кафолатлайди. Бу эса жамиятда адолат ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, хотин-қизлар жамият ва давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнларида, таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бошқа соҳаларда эркаклар билан тенг иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу имкониятлар нафақат ҳуқуқий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам таъминланиши лозим. Чунки ҳақиқий тенглик фақат қонунларда эмас, балки ҳаётда ҳам намоён бўлиши керак.
Айниқса, хотин-қизларни ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида нормалар ҳам мавжуд. Жумладан, ҳомиладор аёллар ва ёш болали оналарни меҳнат шароитида асрашга алоҳида эътибор қаратилади. Қонунчиликка мувофиқ, ҳомиладор аёллар ёки 14 ёшга тўлмаган боласи бор (ногиронлиги бўлган 16 ёшгача боласи бор) оналар фақат ўз розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ёки хизмат сафарига жалб қилиниши мумкин. Бу эса уларнинг соғлиғи ва оилавий шароитини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, гендер тенгликка эришиш – бу фақат ҳуқуқ бериш билан чекланиб қолмайди. Ушбу жараёнда жинс бўйича камситишни бартараф этиш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш ва улар учун хавфсиз муҳит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда давлат томонидан махсус чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш – бу фақат ижтимоий адолат масаласи эмас, балки жамият тараққиётининг асосий омилларидан биридир. Чунки хотин-қизлар фаол ва ҳимояланган жамиятда барқарор ривожланишга эришиш имконияти янада ортиб боради.
Мадинабону Шарифова Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси