Visual Capitalist платформаси томонидан 2026 йилда эълон қилинган таҳлилга кўра, жаҳон иқтисодиётини мамлакатларнинг харид қобилияти паритети (ХҚП) асосида таққослаш глобал иқтисодий кучлар мувозанатини янада аниқроқ намоён этади. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда жаҳон иқтисодиёти ҳажми ХҚП кўрсаткичи бўйича тахминан 219 трлн. доллар атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Ушбу ёндашув мамлакатлар иқтисодий салоҳиятини фақат номинал ялпи ички маҳсулот орқали эмас, балки ички бозордаги нархлар даражаси ва аҳолининг реал харид қобилиятини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш имконини беради.
Мазкур рейтингда жаҳон иқтисодиётидаги топ-10 мамлакатлар қуйидаги тартибда жойлашган. Хусусан, ХҚП ҳисобида Хитой 43,5 трлн. доллар, АҚШ 31,8 трлн. доллар, Ҳиндистон 19,1 трлн. доллар, Россия 7,3 трлн. доллар, Япония 6,9 трлн. доллар, Германия 6,3 трлн. доллар, Индонезия 5,4 трлн. доллар, Бразилия 5,2 трлн. доллар, Франция 4,7 трлн. доллар ва Буюк Британия 4,6 трлн. доллар билан прогноз қилинган.
Шу билан бирга, Осиё давлатлари глобал иқтисодий тизимда тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Ҳозирги кунда Осиё минтақаси жаҳон иқтисодиёти ҳажмининг қарийб 49 фоизини таъминлаб, халқаро савдо ва саноат ишлаб чиқаришининг асосий марказларидан бирига айланган.
Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий динамика нуқтаи назаридан Ўзбекистон ҳам халқаро рейтингда барқарор ўрин эгалламоқда. 2026 йил баҳолашларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ХҚП ҳисобида 511 млрд. долларни ташкил этиб, жаҳон иқтисодиёти рейтингида 55-ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич Ўзбекистон иқтисодиётини айрим Европа давлатлари билан бир қаторга олиб чиқмоқда. Хусусан, рейтингда мамлакат Португалия 556 млрд. доллар, Дания 529 млрд. доллар ва Греция 485 млрд. доллар иқтисодиётлари билан яқин ўринларда жойлашган.
Мазкур натижалар Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги йилларда намоён бўлаётган барқарор ўсиш тенденцияларини акс эттиради. Хусусан, саноатни модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Харид қобилияти паритети асосидаги бундай кўрсаткичлар эса Ўзбекистон ички бозорининг реал иқтисодий салоҳиятини, аҳолининг истеъмол имкониятларини ҳамда иқтисодий ўсиш учун мавжуд имкониятларни нисбатан аниқроқ акс эттиради.