2026 йил 30 январь куни пойтахтимизда “Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти Покистон нигоҳида” мавзусида халқаро давра суҳбати онлайн ва офлайн форматда юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур анжуман Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида ўтказилиб, унда Ўзбекистон парламенти аъзолари, сиёсатшунос олимлар, покистонлик жамоат арбоблари, халқаро таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирнинг мақсади: Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, мамлакатимиз, балки минтақадаги бошқа давлатлар ҳамда глобал тараққиёт учун аҳамияти тўғрисида фикр алмашиш, тегишли амалий тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш.
Мазкур давра суҳбати нафақат илмий-амалий мулоқот, балки Ўзбекистоннинг интеллектуал ва маънавий тараққиёт моделига халқаро қизиқиш ортиб бораётганининг яққол далилидир. Покистонлик экспертлар Янги Ўзбекистон феномени, унинг сиёсий фалсафаси, мақсад ва вазифалари, эришилган натижалар ҳамда жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини юқори баҳоладилар.
Хорижий мутахассислар таъкидлаганидек, ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” асарига Покистон Бош вазири М. Ш. Шариф томонидан сўзбоши ёзилгани ушбу ғояга берилган юксак халқаро эътироф ифодасидир. Асарда Ўзбекистонда бошланган Учинчи Ренессанс жараёнлари буюк аждодлар меросига таянган ҳолда, нафақат мамлакат, балки бутун инсониятнинг фаровон келажагига хизмат қилиши алоҳида таъкидлангани қайд этилди. Бу эса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий, илмий ва ижтимоий ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.
Покистонлик мутахассисларнинг фикрича, Учинчи Ренессанс ғояси замирида таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва маърифат ривожига қаратилган стратегик ёндашув ётади. Бу — шунчаки шиор эмас, балки жамиятни интеллектуал юксалиш орқали тараққиётга олиб чиқишга қаратилган тизимли сиёсатдир.
Покистондаги нуфузли “Ittehad” медиа гуруҳи директори Тоҳир Фаруқнинг баҳолашича, Янги Ўзбекистон меъмори – Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ишонч маконини кенгайтиришга хизмат қилаётганини ҳаётий мисоллар орқали асослаб берди.
Канаданинг Йорк университети профессори, “яшил” энергетика бўйича эксперт Танвир Аҳмад Ўзбекистон Президенти томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш режаси инновациялар, айниқса, “яшил” энергия соҳасида асосий роль ўйнаётганлигини таъкидлаб ўтди.
“Янги Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш бўйича улкан мақсадини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ушбу соҳадаги ҳамкорлик жуда жадал ривожланётгани диққатга сазовор”, деб таъкидлади канадалик эксперт.
Танвир Аҳмад сўзининг якунида Покистон Ўзбекистонга келажакни биргаликда ва муваффақиятли қуриш режаларини боғлайдиган энг ишончли ҳамкорлардан бири сифатида қарашига алоҳида урғу бериб ўтди.
Покистонлик ёш эксперт Муизза Аббос, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади. У Покистон ёшлари Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни самимий қизиқиш билан кузатиб бораётганлигини эътироф этиб ўтди.
Давра суҳбати икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини яққол кўрсатди. Иқтисодий ва савдо алоқалари анъанавий йўналиш ҳисобланса, бу мулоқот маънавий-маърифий ва интеллектуал ҳамкорликни мустаҳкамлаш жиҳатидан алоҳида аҳамият касб этади.
Покистонлик олим ва таҳлилчиларнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга катта қизиқиш билдириши, бу ҳақда асарлар ёзилиши ва илмий муҳокамалар ўтказилиши — икки давлат ўртасида илмий ва маданий мулоқот доираси тобора кенгайиб бораётганини англатади.
Бундай мулоқотлар нафақат фикр алмашиш, балки халқлар ўртасида ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий тараққиёт ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Учинчи Ренессанс ғояси эса миллий чегаралардан чиқиб, халқаро маърифий мулоқот мавзусига айланаётгани билан аҳамиятлидир.
Матбуот хизмати