Бугунги иқтисодий ислоҳотлар жараёнида туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш барқарор ривожланишнинг ажралмас қисмидир. Ўзбекистонда хорижий меҳмонлар учун қулай муҳит яратиш ва соҳани замонавий талабларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳудудларни ривожлантириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мазкур йўналишда 2026 йилнинг дастлабки икки ойидаги кўрсаткичлар алоҳида диққатга сазовор. Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида мамлакатимизга 1,77 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 441 минг кишига ёки 33 фоизга ошгани соҳадаги ижобий динамикани яққол тасдиқлайди. Сайёҳлар оқимининг бундай кескин ўсиши нафақат статистик натижа, балки юртимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатининг амалий ифодасидир.
Шунингдек, сайёҳларнинг асосий оқимини анъанавий тарзда қўшни мамлакатлар таъминламоқда. Ташрифлар сони бўйича:
Қирғизистон (521 минг),
Тожикистон (469 минг) ва
Қозоғистон (386 минг) етакчилик қилмоқда.
Шу билан бирга, кучли ўнталикка Россия, Афғонистон, Туркманистон, Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Жанубий Корея каби давлатларнинг кириши Ўзбекистоннинг халқаро туристик жозибадорлиги кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Мутахассислар таъкидлаганидек, туризм соҳасидаги барқарор ўсиш – бу фақат сайёҳлар сонини ошириш билан чекланиб қолмайди. Ушбу жараёнда янги иш ўринларини яратиш, хизматлар сифатини халқаро стандартларга мослаштириш ва ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бу имкониятлар Барқарор ривожланишнинг 8-мақсадида белгиланган "Муносиб иш жойлари ва иқтисодий ўсиш" вазифаси билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Мазкур мақсад доирасида барқарор туризмни рағбатлантириш орқали янги бандлик имкониятларини яратиш, маҳаллий маданият ва маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, туризм соҳасини тизимли ривожлантириш – бу фақат иқтисодий кўрсаткичлар масаласи эмас, балки мамлакат тараққиётининг асосий омилларидан биридир. Чунки туристик салоҳияти юксак ва халқаро ҳамкорлик мустаҳкам бўлган жамиятда барқарор ривожланишга эришиш имконияти янада ортиб боради.
Мадинабону Шарифова Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси