2026 йил 25 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамкорлигида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари ҳамоҳанглиги” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг жами 60 нафар депутати (офлайн ва онлайн),шунингдек, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди.
Ўқув семинарининг асосий мақсади — Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияларини амалга ошириш йўналишларини кўриб чиқиш, ислоҳотлар натижасида ҳар бир инсон, хусусан, болалар, ёшлар, хотин-қизлар,ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун яратилаётган имкониятлар билан манзилли ишлаш механизмларини депутатлар ва жамоатчилик билан муҳокама қилишдан иборат. Шунингдек, БМТ томонидан тасдиқланган Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) жамиятнинг барча қатламларига кенг таништириш ҳамда уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, айниқса,ёшлар ҳаётида тутган муҳим аҳамиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирни Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси Феруза Мавлянова кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида депутатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари борасидаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш зарурлигини таъкидлаб, бу каби ўқув машғулотлари вилоятнинг туман ва шаҳарларида ҳам ўтказиб келинаётганини қайд этди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик доимий тус олиши лозимлигини билдириб, депутатларни семинар ишида фаол ва жиддий ёндашув билан иштирок этишга чақирди.
Семинар давомида қуйидаги маърузалар тингланди:
· Абдуманноп Туляганов (Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари) —“Барқарор ривожланиш мақсадлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ислоҳотларни амалга оширишдаги аҳамияти” мавзусида сўзга чиқиб, Тошкент вилоятида БРМни ҳаётга татбиқ этишда халқ депутатларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлади ва мақсадларнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталиб ўтди.
· Шодиёр Азизов (Барқарор ривожланиш маркази эксперти) — Халқ депутатлари Кенгаши аъзолари ҳамда маҳалла фаолларининг БРМни амалга оширишдаги роли хусусида фикр юритди. У ўтказилган тадбирлар таҳлилига таянган ҳолда, Тошкент вилоятида Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришда асосан иккита — экологик ва ижтимоий йўналишлар устувор аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Қизғин муҳокамалар ва фаол савол-жавоблар руҳида ўтган семинар якунида депутатлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан Барқарор ривожланиш маркази экспертлари томонидан асосли тавсия ва маслаҳатлар берилди. Иштирокчиларга мавзуга оид электрон тақдимотлар ҳамда тарқатма материаллар тақдим этилди.
Барқарор ривожланиш маркази
Тошкент вилояти бўлинмаси