Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги Ф-37-сонли фармойишининг 6-бандига мувофиқ, олий таълим ташкилотларида “Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби”ни ўргатиш бўйича қўлланма ва дастурларни амалиётга жорий этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида махсус ўқув курслари ташкил этилди. Ушбу курслар Барқарор ривожланиш маркази вакили томонидан олиб борилмоқда.
Машғулотлар доирасида талабаларга фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш тартиби, аҳолини муҳофаза қилиш механизмлари, хавфсизлик қоидалари, тезкор эвакуация чоралари ҳамда фавқулодда ҳолатларда биринчи амалий ёрдам кўрсатиш бўйича назарий ва амалий билимлар берилмоқда.
Шунингдек, ўқув жараёнида фавқулодда вазиятларда аҳолининг тайёргарлик даражасини ошириш, ёшларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва турли хавф-хатарларга нисбатан тезкор ҳамда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур курслар талабаларнинг фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш бўйича амалий тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.