2026 йил 6 апрель куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари иштирокида “Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва давлат бошқарувини халқчил тамойиллар асосида такомиллаштиришда маҳалла институтининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, маҳалла тизими жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ҳамда давлат сиёсати ижросини таъминлашда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизими аҳоли муаммоларини жойида ва тезкор ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришда самарали механизм сифатида баҳоланди. Ушбу тизим ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларга манзилли ечимлар ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтиргани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик қарор сифатида эътироф этилди.