2026 йил 9 апрель куни юртимизда давом этаётган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда маҳалла институтининг тутган ўрнини муҳокама қилиш мақсадида масофавий давра суҳбати ташкил этилди. Зумм иловаси орқали ўтказилган ушбу тадбирда Чиноз туманидаги 40 та маҳалла фуқаролар йиғинининг раислари ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат жами 70 нафар вакил иштирок этди.
Тадбир аввалида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдуманоп Туляганов “Маҳалла — жамиятнинг фаол бўғини” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи барқарор ривожланиш жараёнларида аҳолининг ижтимоий ҳолати устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, ушбу йўналишдаги ишларни иқтисодий ва экологик мезонлар билан уйғун ҳолда олиб бориш зарурлигини илмий асослаб берди. Шу билан бирга, марказ эксперти Шодиёр Азизов 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва стратегияда белгиланган вазифалар ижросига тўхталиб ўтди. Эксперт жамият тараққиётида давлат ташкилотлари ва аҳоли ўртасидаги фаол ҳамкорлик ҳамда фуқаролик позициясининг муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Амалий таҳлиллар жараёнида Чиноз тумани маҳалла уюшмаси раиси Шерзод Кулибоев ҳудуддаги жорий вазият юзасидан маълумот бериб, аҳолидан келиб тушган 151 та мурожаатнинг асосий қисми ижтимоий ва молиявий кўмак билан боғлиқ эканлигини маълум қилди. Маҳаллалар ихтиёрида мустақил маблағлар шаклланиши натижасида мурожаатларнинг 80 фоизи жойида ҳал этилганлиги ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида эътироф этилди. Шунингдек, давлат томонидан йўналтирилган инвестициялар эвазига йил якунига қадар туманни ичимлик суви билан қамраб олиш даражасини 95-100 фоизга етказиш режалаштирилганлиги билдирилди.
Мулоқот давомида экологик масалалар ва инфратузилма ҳолати ҳам диққат марказида бўлди. Кўтарма МФЙ раиси “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парваришлашда тизимли ёндашув зарурлигини таъкидлади, натижада май ойида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишларини ўтказишга келишиб олинди. А. Навоий МФЙ раиси эса кўп қаватли уйлар атрофидаги ободонлаштириш ишларига қурилиш ташкилотларини жалб этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш таклифини илгари сурди. Тадбир якунида маҳалла уюшмаси ва Барқарор ривожланиш маркази бўлинмаси ҳамкорлигида халқ депутатлари туман Кенгаши билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.