Ўзбекистоннинг нуфузли “Яшил иқтисодиёт ва тараққиёт” илмий-электрон журналининг 2026 йил март ойидаги 3-сонида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбековнинг “Ҳудудни барқарор ривожлантиришда иқтисодий салоҳиятнинг ўрни” мавзусидаги илмий мақоласи чоп этилди.
Мақолада ҳудудларни барқарор ривожлантиришда энг аоссий омил бу иқтисодий салоҳият ҳисобланиши, шунингдек, иқтисодий салоҳият ҳажми муаммоси ва унинг услубий жиҳатдан ёндашилган талқини ҳам илмий тадқиқотлар учун, ҳам амалий таҳлил ўтказиш воситаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган. Ҳудудни иқтисодий салоҳиятининг ҳажми ҳудудлар ва умуман давлатнинг рақобатбардошлигини, инвестицион жозибадорлигини, миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқлари имкониятларини ҳамда корхоналарнинг капиталлашув даражасини баҳолаш имконини берувчи кўрсаткич бўлиб хизмат қилаётганлиги кўрсатиб ўтилган.
Мақолада иқтисодий салоҳият тушунчасига турли илмий ёндашувлар келтирилиб, унинг мураккаб ва кўп қиррали мазмунга эгалиги асослаб берилган. Жумладан, айрим олимлар иқтисодий салоҳиятни ресурслар мажмуаси сифатида баҳоласа, бошқалар уни ресурслардан самарали фойдаланиш қобилияти билан боғлайдилар. Шу жиҳатдан, муаллиф иқтисодий салоҳиятни фақат ресурслар йиғиндиси эмас, балки улардан фойдаланиш самарадорлиги ва бошқарув даражаси билан ҳам узвий боғлиқ тизим сифатида талқин қилади.
Мақоланинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг таркибий элементларини аниқлаш ва тизимлаштиришга қаратилган ёндашувдир. Унга кўра, иқтисодий салоҳият қуйидаги асосий компонентлардан ташкил топади: табиий ресурслар, ишлаб чиқариш имкониятлари, меҳнат ресурслари, инфратузилма, инновацион салоҳият, институционал муҳит ва молиявий ресурслар. Ушбу элементлар ўзаро боғлиқ ҳолда ҳудуднинг барқарор ривожланиш даражасини белгилайди.
Муаллиф ЯҲМ каби анъанавий кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасдан, комплекс ёндашувни қўллаш зарурлигини таъкидлайди. Бунда аҳоли жон бошига даромад, меҳнат унумдорлиги, инвестицион фаоллик, инновацион ривожланиш даражаси каби кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш лозимлиги қайд этилган. Бу эса ҳудуд иқтисодий салоҳиятини аниқ ва холис баҳолаш имконини беради.
Мақолада яна бир муҳим масала — ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий тафовутларни камайтириш заруратидир. Замонавий шароитда айрим ҳудудлар юқори иқтисодий салоҳиятга эга бўлса, бошқаларида ресурслар ва имкониятлар чекланган. Бу эса мамлакатнинг умумий барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, ҳудудларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда уларнинг иқтисодий салоҳиятини тўғри баҳолаш ва самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Муаллиф ҳудудларни барқарор ривожлантиришда саноатнинг технологик базасини модернизация қилиш, инновацияларни жорий этиш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш каби йўналишларни устувор деб ҳисоблайди. Бу чора-тадбирлар иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқариш ва уни янада оширишга хизмат қилади.
Мақолада иқтисодий салоҳият ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминловчи асосий омил сифатида кўриб чиқилган. Унинг мазмунини тўлиқ англаш ва баҳолаш учун тизимли, комплекс ёндашувни қўллаш зарур. Иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш эса нафақат ҳудудларнинг, балки бутун мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.