2026 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари иштирокида “Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирда жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда давлат бошқарувини янада халқчил тамойиллар асосида такомиллаштиришда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, маҳалла тизими жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва давлат сиёсати ижросини таъминлашда муҳим бўғин сифатида намоён бўлмоқда.
Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизимининг жорий этилиши аҳоли муаммоларини жойида ва тезкор ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришда самарали механизм сифатида баҳоланди. Ушбу тизим орқали ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларга манзилли ечимлар ишлаб чиқиш имкониятлари кенгайгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтини давлат ва жамият ҳаётида янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик қарор сифатида баҳоланди.