НуфузлиInternational Conference of Science & Technology халқаро илмий нашрида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбековнинг “Мамлакат барқарор ривожланишини таъминлашда ҳудудлар иқтисодий салоҳиятининг роли ва устувор аҳамияти” мавзусидаги илмий мақоласи чоп этилди.
Мазкур мақолада ҳозирги глобал иқтисодий трансформация шароитида барқарор ривожланишни таъминлашда ҳудудлар иқтисодий салоҳиятининг ўрни ва аҳамияти атрофлича таҳлил қилинган. Хусусан, мамлакат иқтисодиётида ҳудудлар ўртасидаги ривожланиш фарқлари, уларнинг иқтисодий ўсишга таъсири ҳамда мазкур номутаносибликларни бартараф этишнинг илмий-амалий жиҳатлари ўрганилган.
Шунингдек, мақолада барқарор ривожланиш тушунчасининг замонавий иқтисодий мазмуни ёритилиб, у нафақат иқтисодий ўсиш, балки аҳоли турмуш даражаси, ижтимоий тенглик, институционал самарадорлик каби омилларни қамраб олувчи комплекс жараён эканлиги асослаб берилган.
Тадқиқот доирасида ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг таркибий элементлари — табиий ресурслар, ишлаб чиқариш ва инфратузилма имкониятлари, инсон капитали, инновацион салоҳият ҳамда институционал муҳит омиллари чуқур таҳлил қилинган. Уларнинг ўзаро уйғун ривожланиши ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилган.
Мақолада, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини баҳолашнинг замонавий усуллари, жумладан ресурсларга асосланган ёндашув, рейтинг усули ва интеграл индекслардан фойдаланиш амалиёти кўриб чиқилган. Европа мамлакатлари тажрибаси мисолида “иқтисодий салоҳият индекси” орқали ҳудудларни комплекс баҳолаш механизмлари ёритилган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мамлакатда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мақолада ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий номутаносибликларни камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва илмий асосланган бошқарув механизмларини жорий этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилган.