Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ҳудудни барқарор ривожлантиришда иқтисодий салоҳиятнинг ўрни

26-03-2026 1045

2026 йил 25 март куни халқаро миқёсда фаолият юритувчи нуфузли “Journal of Interdisciplinary Human Studies” журнали саҳифаларида глобал аҳамиятга эга яна бир муҳим илмий тадқиқот эълон қилинди. Унда Э.Саминовнинг “Радикаллашувнинг глобал таҳдиди: инсон фаровонлиги ва барқарор ривожланишга таъсири” номли мақоласи халқаро илмий ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.

Мазкур тадқиқотда кўтарилган масалалар бугунги кун воқеликлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг долзарблиги янада яққол намоён бўлади. Дарҳақиқат, XXI аср тараққиёт, технология ва беқиёс имкониятлар асри сифатида эътироф этилса-да, унинг соясида тобора кучайиб бораётган хавфли жараён — радикаллашув инсоният тақдирига жиддий таҳдид солмоқда. Муаллиф таъкидлаганидек, бугун радикаллашув алоҳида ҳудуд ёки жамият доираси билан чекланиб қолмай, глобал миқёсда намоён бўлаётган муаммога айланди.

Энг муҳими, ушбу жараён барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга тўғридан-тўғри ва жиддий таъсир кўрсатмоқда. Чунки радикаллашув кучайган шароитда тинчлик ва хавфсизлик издан чиқади, ижтимоий адолат таъминланмайди ва институтлар самарадорлиги пасаяди. Натижада эса инсон фаровонлигига қаратилган ислоҳотлар сусаяди, иқтисодий ўсиш секинлашади ва таълим ҳамда ижтимоий тараққиёт соҳаларидаги ютуқлар хавф остида қолади.

Шу боис радикаллашув нафақат хавфсизликка таҳдид, балки барқарор ривожланиш йўлидаги энг жиддий тўсиқлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.

Ташвишли жиҳати шундаки, мазкур жараён фақат хавфсизлик масаласи билан чекланиб қолмайди, балки инсон тақдири, жамият барқарорлиги ва келажак тараққиёти билан узвий боғлиқдир. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий имкониятларнинг чекланганлиги ҳамда сиёсий четлатилганлик радикаллашув учун ўзига хос “қулай муҳит”ни шакллантиради. Ана шундай шароитда эса экстремистик ғоялар илдиз отиб, жамият онгига секин-аста сингиб боради ва бу ҳолат глобал барқарорликка жиддий путур етказиши мумкин.

Барқарор ривожланиш мақсадлари — инсониятнинг умумий йўли, унинг келажак стратегияси сифатида қабул қилинган. Бироқ радикаллашув ана шу йўлдаги энг катта тўсиқлардан бирига айланмоқда. Айниқса, тинчлик, адолат ва самарали бошқарув институтларни таъминлашга қаратилган БРМнинг 16-мақсади бу жараёнда энг кўп салбий таъсирга учрамоқда.

Радикаллашувнинг яна бир оғриқли таъсири иқтисодий соҳада намоён бўлади. Қуролли можаролар, сиёсий беқарорлик ва хавфсизлик муаммолари    инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади, тараққиёт суръатларини секинлаштиради. Бу эса муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишга қаратилган БРМ 8-мақсадини амалга оширишни қийинлаштиради. Шу билан бирга, таълим тизимидаги камчиликлар — сифатли билимнинг етишмаслиги — ёшларни радикал ғоялар таъсирига тушиш хавфини янада оширади. Биргина мисол, БМТ ва UNICEF маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб миллионлаб болалар қуролли можаролар ва инқирозлар сабаб таълим олиш имкониятидан маҳрум. Хусусан, 2025 йил ҳолатига кўра, камида 85 миллион бола мактабга бора олмаётгани глобал таълим инқирозининг нақадар чуқурлашганини кўрсатади. Бу эса нафақат болаларнинг келажаги, балки барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ҳам жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Муаллиф келтирган рақамлар эса вазиятнинг нақадар жиддий эканини яққол кўрсатади: бугун дунёда мажбурий кўчирилганлар сони 120 миллиондан ошган. Бу — фақат статистика эмас, балки ортида инсон тақдирлари, вайрон бўлган ҳаётлар, йўқотилган орзулар турган аччиқ ҳақиқатдир. Сурия, Афғонистон, Яман каби мамлакатларда узоқ йиллар давом этаётган можаролар нафақат инсонпарварлик инқирозини, балки барқарор ривожланиш орзуларининг орқага сурилишини англатади.

Шундай шароитда савол туғилади: радикаллашувга қарши қандай курашиш мумкин? Муаллиф жавобни аниқ қўяди — бу кураш фақат куч ишлатиш билан чекланмаслиги керак. Аксинча, у кенг қамровли, комплекс ёндашувни талаб қилади. Таълим ва маърифатни кучайтириш, ижтимоий тенгсизликни камайтириш, ёшларга имкониятлар яратиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш — ана шу йўл барқарор ечимга олиб боради. Бу эса ўз навбатида барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғундир.

Хулоса қилиб айтганда,    радикаллашув — бугунги дунё тараққиётининг кўринмас, аммо энг хавфли тўсиқларидан бири. Унга қарши курашиш фақат хавфсизлик эмас, балки адолат, таълим ва тараққиёт масаласидир. Инсоният барқарор келажакка интилар экан, бу таҳдидга қарши биргаликда, ақл ва маърифат билан жавоб бериши шарт.

Барқарор ривожланиш маркази матбуот хизмати