Ўзбекистоннинг нуфузли “Иқтисодий тараққиёт ва таҳлил” илмий-электрон журналининг 2026 йил март ойидаги 3-сонида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбековнинг “Минтақани барқарор ривожлантиришга бўлган илмий қарашлар эволюцияси” мавзусидаги илмий мақоласи чоп этилди.
Мазкур мақолада минтақаларни барқарор ривожлантириш масалаларига оид илмий қарашларнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари атрофлича таҳлил қилинган. Хусусан, барқарор ривожланиш ғоясининг турли даврлардаги назарий асослари, иқтисодий ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ жиҳатлари ҳамда минтақавий тараққиётга таъсир этувчи асосий омиллар илмий жиҳатдан ўрганилган.
Шунингдек, мақолада барқарор ривожланиш тушунчасининг илмий-амалий мазмуни босқичма-босқич шаклланганлиги ва унинг замонавий иқтисодий тизимларда тутган ўрни ёритилган. Муаллиф томонидан барқарор ривожланиш назариясининг эволюцион ривожланиш жараёни, унинг классик ва замонавий ёндашувлари ҳамда минтақалар иқтисодий барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти асослаб берилган.
Тадқиқот доирасида минтақавий ривожланишга таъсир этувчи омиллар иқтисодий ресурслар, инфратузилма имкониятлари, аҳоли салоҳияти, инновацион фаоллик ҳамда институционал муҳит каби кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Ушбу омилларнинг ўзаро уйғун ривожланиши минтақанинг барқарор тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилган.
Мақолада, барқарор ривожланиш назариясининг турли босқичларида илгари сурилган илмий ғоялар ва концепциялар таҳлил қилиниб, уларнинг амалиётда қўлланилиши имкониятлари кўриб чиқилган. Минтақаларни ривожлантиришда илмий ёндашувларни қўллаш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ижтимоий барқарорликка эришиш имкониятлари илмий жиҳатдан асосланган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, минтақани барқарор ривожлантиришга доир илмий қарашларни чуқур ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш ҳудудлар иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий фаровонликни ошириш ҳамда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мақолада минтақаларни барқарор ривожлантиришда замонавий илмий ёндашувлардан самарали фойдаланиш ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилган.