Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

ТЕРМИЗДА ЯНГИ ҲАМКОРЛИК: БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ

30-04-2026 185

    Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

        Меморандум доирасида барқарор ривожланишнинг глобал мақсадларини миллий ва ҳудудий даражада амалга ошириш, шунингдек таълим, илм-фан ва инновациялар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

        Мазкур келишувда томонлар бир қатор устувор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Жумладан, барқарор ривожланиш миллий мақсадларини илмий тадқиқотлар ва амалий лойиҳалар орқали тарғиб этиш, камбағалликни қисқартириш, сифатли таълимни таъминлаш, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби йўналишларда қўшма дастурлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

        Шунингдек, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун инновацион лабораториялар ташкил этиш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, “яшил иқтисодиёт” ва рақамли трансформацияни таълим жараёнига жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

        Мутахассислар фикрича, ушбу меморандум барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда илмий ёндашувларни кучайтириш, ёшларда глобал фикрлаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади.

        Шу билан бирга, мазкур ҳамкорлик ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.