Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Таълимда сунъий интеллект саводхонлиги: имкониятлар ва масъулият

16-11-2026 138

    АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги Чарлстон округи мактабларидан бирида ўқитувчилар иштирокида қизиқарли тажриба ўтказилди. Уларга сунъий интеллект ёрдамида дунё харитасини яратиш вазифаси берилди. Натижа эса кутилганидек бўлмади: харитада мамлакатлар номлари хато ёзилди, айрим давлатлар ўрнига қитъа номлари акс этди, баъзи ҳудудларда эса тушунарсиз белгилар пайдо бўлди. Оддий кўринган бу топшириқ сунъий интеллект тақдим этадиган маълумотларга ҳар доим ҳам ишониб бўлмаслигини яна бир бор кўрсатди. Associated Press агентлигининг 2026 йил 21 августдаги мақоласида келтирилган ушбу мисол АҚШ таълим тизимида сунъий интеллект саводхонлигига эътибор кучайиб бораётганини намоён этади.

    Бугунги кунда сунъий интеллект саводхонлиги технологиялардан фойдаланиш кўникмасидан кенгроқ тушунчани англатади. У сунъий интеллектнинг ишлаш тамойилларини тушуниш, унинг имконият ва чекловларини фарқлаш, тақдим этган натижаларини танқидий баҳолаш ҳамда рақамли хавфсизлик талабларига риоя этишни қамраб олади. Таълим жараёнида бундай кўникмаларни эгаллаш ўқувчиларга мураккаб мавзуларни ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганиш ва мустақил таълим олишда ёрдам беради. Ўқитувчилар учун эса дарс режаларини тайёрлаш, ўқув материалларини такомиллаштириш ва таълим жараёнини индивидуаллаштириш имкониятларини яратади.

    АҚШда бу йўналишдаги ишлар таълим муассасаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этилмоқда. Хусусан, Чарлстон округида сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидалари ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналар иштирокида ишлаб чиқилмоқда. Бунда технологиядан фойдаланишни тақиқлаш эмас, балки уни тўғри ва масъулиятли қўллашга ўргатиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Жараёнда ўқувчиларнинг ёшига мос фойдаланиш шартлари, ахборот манбаларининг ишончлилиги ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда.

    Юта штати тажрибасида эса педагогларнинг касбий тайёргарлигини оширишга алоҳида аҳамият берилган. 2024 йилда штат таълим кенгаши ҳузурида сунъий интеллект бўйича махсус эксперт лавозими жорий этилган. Кейинги даврда 7 мингдан ортиқ ўқитувчи учун мазкур технологиянинг ишлаш механизмлари, сунъий интеллект томонидан нотўғри ёки бирёқлама маълумотлар тақдим этилиши, ахборот ишончлилигини баҳолаш, рақамли этика ва шахсий маълумотлар хавфсизлигига бағишланган ўқув машғулотлари ташкил этилган. Шунингдек, таълим муассасаларига сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ички қоидаларни ишлаб чиқишда кўмак берилган. Бу тажриба педагогларнинг янги технологик шароитга мослашиши учун тизимли касбий тайёргарлик зарурлигини кўрсатади.

    АҚШ тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон таълим тизимида ҳам сунъий интеллект саводхонлигини ривожлантиришга қаратилган чораларни амалга ошириш мумкин. Биринчи навбатда, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида ушбу технологиялар билан ишлаш асосларини мавжуд фанлар мазмунига интеграция қилиш мақсадга мувофиқ. Бунда ўқувчиларга сунъий интеллект ёрдамида олинган натижаларни мустақил таҳлил қилиш, турли манбалар билан солиштириш ва далилларга асосланган хулоса чиқариш усулларини ўргатиш лозим.

    Иккинчи муҳим йўналиш — педагогларнинг амалий компетенцияларини ривожлантиришдир. Бунинг учун ўқитувчиларга сунъий интеллект воситаларидан дарсни режалаштириш, ўқувчиларнинг билим даражасига мос топшириқлар тайёрлаш ва таълим натижаларини таҳлил қилишда фойдаланиш усулларини ўргатиш зарур. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг мустақил фикрлашига путур етказмаслик ва академик ҳалолликни таъминлаш масалалари ҳам малака ошириш дастурларининг муҳим таркибий қисми бўлиши керак.

    Учинчи йўналиш таълим муассасаларида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ. Бу борада ўқувчиларнинг ёшига мос фойдаланиш шартлари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган материаллардан фойдаланиш тартибини белгилайдиган умумий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, шаҳар ва қишлоқ мактабларининг техник имкониятлари ўртасидаги тафовутларни камайтириш, зарур рақамли инфратузилма ва таълим ресурсларидан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш муҳимдир.

    Сунъий интеллект саводхонлигини ривожлантириш Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам узвий боғлиқ. Хусусан, 4-мақсад — сифатли таълимни таъминлаш, 9-мақсад — саноат, инновациялар ва инфратузилмани ривожлантириш, 10-мақсад — тенгсизликни қисқартириш вазифалари мазкур йўналишдаги ишлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Айниқса, рақамли технологиялардан фойдаланишдаги имкониятлар тенгсизлигини камайтириш таълимда инклюзивликни таъминлаш ва барча ўқувчилар учун тенг шароит яратишга хизмат қилади.

    Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект таълим тизими учун янги имкониятлар билан бирга, муайян масъулият ва талабларни ҳам юзага келтирмоқда. Ундан самарали фойдаланиш фақат технологик воситаларнинг мавжудлигига эмас, балки инсоннинг билим, мустақил фикрлаш ва танқидий баҳолаш қобилиятига ҳам боғлиқ. Шу боис таълимнинг асосий вазифаси технологиядан фойдаланувчи эмас, балки унинг имкониятларини англайдиган, чекловларини ҳисобга оладиган ва ундан масъулият билан фойдалана оладиган авлодни тарбиялашдан иборат бўлиши лозим.

    Шарифова Мадинабону

    Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси