Бугун бир давлатда юзага келган муаммо эртага бутун минтақа тараққиётига таъсир қилиши мумкин. Сув танқислиги, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамли тенгсизлик давлат чегаралари билан чекланиб қолмайди. Айниқса, молиявий ва технологик имкониятлари чекланган мамлакатлар учун ечимни бошидан излаш қимматга тушади: вақт ва маблағ сарфланади, бошқа давлатлар йўл қўйган хатолар такрорланиши мумкин. Шу боис бир мамлакатда самара берган усулни бошқа жойда маҳаллий шароитга мослаб қўллаш шунчаки тежамкорлик чораси эмас. Бу муаммони тезроқ ҳал этиш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш имконидир.
Ана шу эҳтиёж Жануб–Жануб ҳамкорлигининг мазмунини белгилайди. У ривожланаётган мамлакатлар ўртасида билим, тажриба, технология, сармоя ва синовдан ўтган ечимларни алмашишга асосланади. Бунда бир давлат доим ёрдам берувчи, бошқаси эса фақат ёрдам олувчи бўлиб қолмайди. Ҳар бир томон ўз эҳтиёжи, билими ва имкониятидан келиб чиқиб умумий ишга ҳисса қўшади.
Бундай ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларининг 17-мақсади — «Барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик» билан бевосита боғлиқ. Хусусан, ушбу мақсад доирасида илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида Жануб–Жануб ҳамкорлигини кучайтириш, билим алмашиш ва ривожланаётган мамлакатларнинг миллий салоҳиятини ошириш назарда тутилган. Зеро, маблағ, билим ва технология бирлашгандагина бир мамлакатда ўзини оқлаган ечим бошқа давлатда ҳам муайян муаммони ҳал этиш воситасига айланиши мумкин.
12 сентябрь Жануб–Жануб ҳамкорлиги тарихида алоҳида ўрин тутган сана. 1978 йилнинг айнан шу куни Буэнос-Айресда 138 давлат ривожланаётган мамлакатлар тараққиёт учун зарур ечимларни фақат ташқаридан кутмасдан, ўз билим ва имкониятларини ҳам ишга солиши кераклиги ҳақида умумий тўхтамга келди. Ривожланаётган мамлакатлар ўртасида техник ҳамкорликни ривожлантириш ва амалга ошириш бўйича Буэнос-Айрес ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Ҳужжат мутахассислар тайёрлаш, билим ва технология алмашиш, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш каби аниқ йўналишларни белгилаб берди. Кейинчалик 12 сентябрь БМТнинг Жануб–Жануб ҳамкорлиги куни сифатида белгиланди.
2026 йилда мазкур сана инклюзив ва инновацион тараққиёт йўлида глобал ҳамжиҳатликни кучайтириш ғояси остида нишонланмоқда. Бу ёндашувнинг моҳияти оддий: дунёнинг турли нуқталарида самара берган ечимлар бор, асосий вазифа уларни бир-бирига боғлаш, зарур шериклик ва имкониятларни сафарбар этиш ҳамда амалиёт кўламини кенгайтиришдир.
Ўзбекистон ҳам Жануб–Жануб ҳамкорлигига аниқ муаммоларга биргаликда ечим топиш воситаси сифатида қарамоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 12 январда ўтказилган «Глобал Жануб овози» онлайн-саммитида жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида «Глобал Жануб» учун «яшил» технологиялар ва инновациялар ахборот банкини яратишни таклиф қилди. Бундай маълумотлар базаси қайта тикланадиган энергия, сувни тежаш, иқлим ўзгаришига мослашиш каби йўналишларда синовдан ўтган ечимларни топиш ва улардан самарали фойдаланиш имконини кенгайтиради.
2024 йил 24 октябрдаги «БРИКС плюс» саммитида эса давлат раҳбари жаҳондаги бошқарув институтларини такомиллаштириш, «Жануб–Жануб» ва «Шимол–Жануб» форматларида масъулиятли мулоқотларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ёндашув Ўзбекистон учун ҳамкорликнинг самараси фақат ўтказилган анжуманлар сони билан эмас, балки билим ва технологиянинг амалий лойиҳаларга, улар эса аҳоли ҳаётидаги аниқ ўзгаришларга айланиши билан ўлчанишини кўрсатади.
Жануб–Жануб алоқаларининг иқтисодий салмоғи рақамларда янада яққол кўринади. БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича тузилмаси маълумотларига кўра, 2025 йилда ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги товар савдоси 7,2 триллион долларни ташкил этди. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан 17,2 фоиз кўп. Жануб–Жануб савдосининг жаҳон товар савдосидаги улуши 2000 йилдаги 11 фоиздан 2025 йилда 28 фоизга етди.
Бу рақамлар ривожланаётган мамлакатлар жаҳон савдосининг чекка иштирокчилари эмас, унинг тобора муҳим қисмига айланаётганини кўрсатади. Бироқ савдо ҳажмининг ўзи тараққиётни кафолатламайди. Агар экспорт асосан хомашё билан чекланса, қайта ишлаш, технологияни ўзлаштириш ва юқори малакали иш ўринларини яратишдан олинадиган қўшимча самара бой берилади. Демак, савдонинг ҳақиқий натижасини фақат триллион долларлар билан эмас, мамлакат ичида яратилган қўшилган қиймат, янги технология ва иш ўринлари билан ҳам баҳолаш керак.
Савдонинг ўсиши билим ва технология алмашинуви ҳам ўз-ўзидан шунга яраша кучаяди, дегани эмас. Айрим ҳолларда икки мамлакатнинг ўзида зарур маблағ, мутахассис ёки технология етарли бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятда уч томонлама ҳамкорлик қўл келади. Ривожланаётган мамлакатлардан бири ўз тажрибаси ва технологиясини таклиф қилади, иккинчиси уни амалда қўллайди, БМТ тузилмаси, ривожланган мамлакат ёки халқаро молия ташкилоти эса молиявий ва техник кўмак беради.
Масалан, сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этишда бу соҳада тажриба тўплаган мамлакат технология ва мутахассисларни тақдим этиши, бошқа шерик зарур ускуналар ҳамда синов лойиҳасини молиялаштириши мумкин. Энг муҳими, лойиҳа қаерда ва қандай амалга оширилиши, қандай натижа кутилаётгани ҳамда самара қайси мезонлар орқали баҳоланишини маҳаллий томон ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб белгилаши лозим. Шунда ташқи тажриба тайёр қолипни кўр-кўрона кўчириш эмас, аниқ эҳтиёжга хизмат қилади.
Марказий Осиё учун бундай ҳамкорлик кундалик заруратдир. Минтақа давлатлари умумий дарёлардан фойдаланади, ўзаро боғланган транспорт йўллари ва энергетика тармоқларига таянади. Юқори оқимда сувдан фойдаланиш тартибининг ўзгариши қуйи ҳудудлардаги деҳқончиликка, чегарадаги узилиш эса бир неча давлатда маҳсулот нархи ва етказиб бериш муддатларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Ушбу ўзаро боғлиқлик 2026 йилда БМТ доирасида муҳим сиёсий қарор билан янада мустаҳкамланди. 20 май куни БМТ Бош Ассамблеяси «Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш» тўғрисидаги резолюцияни овоз беришсиз қабул қилди. Ўзбекистон унинг ташаббускорларидан бири бўлди, яна 66 давлат ҳужжатга ҳаммуаллиф сифатида қўшилди.
Резолюция инновацияларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш, узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда Марказий Осиё давлатларининг халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга чақирмоқда. Унинг ҳақиқий амалий қиймати эса чегарадан ўтиш вақти қисқариши, савдо тўсиқлари камайиши, сув ва энергетика масалалари бўйича келишилган ечимлар ишлаши ҳамда аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар пайдо бўлишида намоён бўлади.
Ҳамкорликнинг инсон ҳаётига таъсирини Оролбўйи мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда сув танқислиги, экологик таназзул, саломатлик, бандлик ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ муаммолар бир-бирига чамбарчас боғланган. Шу сабаб уларни бир-биридан ажратилган ҳолда ҳал этиш кутилган натижани бермаслиги мумкин.
БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст жамғармаси давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, донорлар ва маҳаллий жамоалар имкониятларини бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Жамғарма ёндашувида Жануб–Жануб ҳамкорлиги орқали инновацион технологиялар ва амалий тажрибалар алмашинувига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Унинг қўллаб-қувватловида амалга оширилган қўшма дастурлар доирасида 16 мингдан ортиқ қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви, электр энергияси, тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш имконияти яхшиланди. Синовдан ўтказилган сув тежовчи технология ҳосилдорликни 41 фоизга ошириб, сув сарфини 20 фоизга камайтириш имконини кўрсатди.
Бу — ҳамкорликнинг аҳоли кундалик ҳаётида қандай натижа бериши мумкинлигининг аниқ мисоли. Айни пайтда Оролбўйида тўпланаётган сувни тежаш, чўлланишга қарши курашиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тажрибалар ўхшаш муаммоларга дуч келаётган бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Ривожланаётган мамлакатлар бугун катта бозор, бой амалий тажриба ва янги ечимлар манбаига айланмоқда. Аммо бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш учун келишувларни аниқ лойиҳаларга, лойиҳаларни эса ўлчанадиган натижаларга айлантириш зарур.
Ҳар бир ташаббус тежалган сув, яратилган иш ўрни, ўзлаштирилган технология, тайёрланган мутахассис, маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқариш ва аҳоли турмушидаги аниқ ўзгариш каби мезонлар асосида баҳоланиши лозим.
Ўзбекистон учун Жануб–Жануб ҳамкорлиги «яшил» технологияларни жорий этиш, сув ва энергетика масалаларига амалий ечим топиш, инновацияларни тезроқ ўзлаштириш ва Марказий Осиёдаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун қўшимча имконият яратади.
12 сентябрнинг асосий мазмуни ҳам шунда: тараққиёт учун тайёр ечимни кутиб ўтириш эмас, балки мавжуд тажрибани ўрганиш, уни ўз шароитига мослаштириш ва тенг манфаат ҳамда ўзаро масъулият асосида янги натижаларни биргаликда яратиш.
Алишер Азизов,
«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ бош мутахассиси