Давлат харидларидаги қонунбузарлик ва фирибгарлик ҳолатлари одатда муаммо юз берганидан сўнг аниқланади. Литвада эса бундай хавфларни олдиндан аниқлашга қаратилган янги ёндашув жорий этилди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ва Литванинг Махсус тергов хизмати ҳамкорлигида давлат харидларидаги хавфли ҳолатларни сунʼий интеллект ёрдамида олдиндан аниқлаш тизими синовдан ўтказилди. 2026-йилда пилот босқич якунлангач, модель амалиётга жорий этиш ва такомиллаштириш босқичига ўтказилди. Тизим давлат харидлари, компаниялар, уларнинг мулкдорлари ва аввал қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, ҳар бир шартноманинг хавф даражасини белгилайди.
Литва тажрибасининг муҳим жиҳати шундаки, сунʼий интеллект инсон ўрнини эгалламайди. У текширувчига минглаб шартномалар орасидан қайси битимларга биринчи навбатда эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади. Тендерда иштирокчилар сонининг камлиги, бир етказиб берувчининг қайта-қайта ғолиб бўлиши, муайян буюртмачи билан мунтазам равишда шартнома тузилиши ёки компаниялар ўртасида мулкдорлик алоқаларининг мавжудлиги хавф белгиси сифатида баҳоланиши мумкин. ИҲТТ синовларига кўра, сунʼий интеллект энг хавфли деб баҳолаган шартномаларнинг чорак қисмини текширишнинг ўзи қонунбузарлик ҳолатларининг қарийб 60 % ини қамраб олиш имконини берган.
Бундай ёндашув Ўзбекистон учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Ўзбекистонда давлат харидлари тобора рақамлаштирилмоқда, электрон платформалар ва давлат реестрларида эса катта ҳажмда маълумотлар жамланмоқда. Уларни ягона таҳлилий тизим орқали боғлаш бюджет маблағларидан фойдаланишдаги хавфларни эртароқ аниқлаш имконини беради. Бироқ Литва моделини тўлиқ кўчириш шарт эмас. Дастлаб харид ҳажми юқори бўлган айрим соҳалар ёки йирик давлат буюртмачилари доирасида пилот лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Пилот тизим давлат харидлари ҳақидаги маълумотларни юридик шахслар реестри, компаниялар таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар ва қонуний фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ахборот базалари билан солиштириб, шартномалар учун «хавф индекси»ни шакллантириши мумкин. Рақобат паст бўлган тендерлар, ўзаро боғлиқ компанияларнинг иштироки, нархлардаги кескин тафовут ёки бир етказиб берувчи билан такрорий шартномалар автоматик равишда таҳлилчи эътиборига тақдим этилади. Бу айбдорликни автоматик белгилаш эмас, балки текширув ресурсларини самарали тақсимлаш воситасидир.
Иқтисодий томондан ҳам бу тизим Ўзбекистон учун қулай ечим бўлиши мумкин. Очиқ кодли дастурлардан фойдаланиш катта харажатларни камайтиради, асосий эътибор эса давлат маълумотларини тартибга солиш ва ўзаро боғлашга қаратилади. Инсон назорати сақланган ҳолда сунʼий интеллект хавфли ҳолатларни эрта аниқлаш, текширувчилар вақтини тежаш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга ёрдам беради.
Манба: ИҲТТ, «AI-driven fraud detection and digital transformation in law enforcement in Lithuania»
Алишер Азизов Барқарор ривожланиш маркази — бош мутахассис