Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Соғлиқни сақлаш тизими: ютуқлар, мавжуд муаммо ва ечимлар

08-07-2026 120


    Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда БМТнинг Ҳамкорлик дастурида ҳар бир фуқарони сифатли    ва барқарор тиббий хизматлар билан таъминлайдиган замонавий соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу вазифалар Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги инсонларнинг фаровонлигига кўмаклашиш”    мақсади билан узвий боғлиқдир. Шу билан бирга, улар камбағалликни қисқартириш, таълим сифатини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва давлат институтлари самарадорлигини    такомиллаштириш    каби бошқа муҳим вазифаларнинг амалга ошишига ҳам хизмат қилади.

    Шу нуқтаи назардан, соғлиқни сақлаш нафақат ижтимоий соҳанинг таркибий қисми, балки мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва инсон капитали ўсишининг муҳим омили сифатида қаралмоқда. Бироқ,    белгиланган мақсадларга эришиш фақат инфратузилмани замонавийталабларга мослаштириш    ва янги технологияларни жорий этиш билан чекланмайди. Бунинг учун йиллар давомида шаклланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва институционал ислоҳотларни янада чуқурлаштириш талаб этилади.    

    Бир қарашда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижалари    ижобий натижаларни кўрсатмоқда. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 2000 йилдаги 67,2 дан 2024 йилда 75 ёшдан зиёдга    ошди. Она ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг тирик туғилган чақалоққа нисбатан 42,4дан 26,5    нафаргача    тушди. Чақалоқлар ўлими эса сўнгги йигирма йил ичида икки баравардан кўпроққа    қисқарди. Болаларнинг асосий эмлаш билан қамрови 95 фоиздан юқори    даражага    етди. Шу билан бирга, юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда, рақамли технологиялар жорий этилмоқда ва тиббиёт муассасалари инфратузилмаси янгиланмоқда.

    Бу    кўрсаткичлар    давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қатъий сиёсий иродасини намоён этади ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун мустаҳкам асос яратади. Бироқ айрим кўрсаткичлардаги ижобий ўзгаришлар соҳадаги барча тизимли муаммолар ҳал этилганини англатмайди.    Афсуски, уларнинг аксарияти сақланиб қолмоқда ва янада кенг қамровли институционал ўзгаришларни талаб этмоқда.        

    Ўзбекистон кўплаб ўрта даромадли мамлакатлар қаторида эпидемиологик ўтиш босқичига кириб бормоқда. Бу жараёнда юқумли касалликлар ўрнини юрак-қон томир хасталиклари, қандли диабет, онкологик ва бошқа сурункали касалликлар эгалламоқда. Натижада аҳоли саломатлигига таъсир этувчи асосий хавф омиллари ҳам ўзгармоқда.

    Шу нуқтада стратегик мақсадлар билан амалдаги соғлиқни сақлаш модели ўртасида муайян тафовут намоён бўлади. Кўплаб ислоҳотларга қарамай, тизим ҳали ҳам касалликларнинг олдини олишдан кўра уларнинг оқибатларини даволашга кўпроқ йўналтирилган. Ваҳоланки, халқаро тажриба ва илмий тадқиқотлар профилактика, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва касалликларни эрта аниқлашга    йўналтирилган    инвестициялар аҳоли саломатлигини яхшилашда энг юқори самара беришини кўрсатади.        

    Мазкур омилни ҳисобга олган ҳолда    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини фаолияти учун янги модельни таклиф қилди. Бу модельда асосий эътибор даволашдан профилактикага кўчирилади. Яъни поликлиникалар фаолияти кўрсатилган хизматлар сони билан эмас, балки касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта босқичда аниқлаш қобилияти билан баҳоланади.    Бу ёндашув Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда аҳоли умрини узайтириш ва тиббий харажатларни камайтиришда катта муваффақиятларга эришган мамлакатлар амалиётига мос келади. Бироқ уни амалга ошириш нафақат ташкилий ўзгаришларни, балки бутун соғлиқни сақлаш бошқарув тизимини, кадрлар тайёрлашни, профилактика дастурларини молиялаштиришни ва жамоат саломатлиги механизмларини ривожлантиришни ҳам талаб қилади.

    Бирламчи тиббий-санитар ёрдамни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки айнан ушбу бўғин замонавий соғлиқни сақлаш тизимининг пойдевори ҳисобланади. Бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бирламчи бўғин самарадорлиги        бинолар ёки жиҳозлар билан эмас, балки инсон капитали, яъни тиббиёт ходимларининг билим ва малакаси билан белгиланади.        

    Масалан, Эстония ва Польшада оилавий тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш жараёни умумий амалиёт шифокорларининг меҳнат ҳақини ошириш, уларнинг касбий мустақиллигини кенгайтириш ҳамда узлуксиз тиббий таълим тизимини жорий этиш билан бир вақтда амалга оширилган. Туркияда эса соғлиқни сақлашни трансформация қилиш дастурининг муваффақияти кўп жиҳатдан оилавий шифокорларни профилактика тадбирлари ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари асосида рағбатлантириш тизими яратилгани билан изоҳланади.        

    Ўзбекистонда бирламчи бўғин инфратузилмаси сезиларли даражада янгиланган бўлса-да, тиббиёт ходимларининг иш ҳақи, касбий ўсиш имкониятлари ва юқори меҳнат юки билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Шу сабабли бирламчи тиббий ёрдам соҳаси ихтисослашган ёки хусусий тиббиёт муассасаларига нисбатан камроқ жозибадор бўлиб қолмоқда. Бу эса малакали кадрларни сақлаб қолиш ва янги мутахассисларни жалб этишни қийинлаштиради.        

    Соғлиқни сақлашни рақамлаштириш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Электрон тиббий карталар, телетиббиёт ва маълумотларни бошқариш тизимлари самарадорликни ошириш воситалари сифатида қаралмоқда. Аммо, жаҳон тажрибаси рақамлаштиришнинг ўзи ислоҳот эмаслигини кўрсатади. Айрим мамлакатларда қиммат рақамли лойиҳалар фақат бюрократик жараёнларни мураккаблаштириб, тиббиёт ходимлари юкламасини оширган. Ўзбекистон учун асосий хавф шундаки, рақамлаштириш ўз-ўзидан мақсадли кўрсатгичга айланиб қолиши мумкин. Агар ахборот тизимларини жорий қилиш бошқарув жараёнлари ва қарор қабул қилиш механизмларини такомиллаштириш билан бирга олиб борилмаса, кутилган натижаларга эришиш қийин бўлади. Шу сабабли устувор масала жорий қилинган платформалар сони эмас, балки соғлиқни сақлаш сиёсати учун маълумотлардан қай даражада самарали фойдаланилаётганлигида бўлиши лозим.

    Масалан, Эстония тажрибаси шуни кўрсатадики, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ягона миллий тиббий маълумотлар бошқарув тизими яратилгандагина самара беради. Бу ерда рақамли ечимлар нафақат беморлар ҳақидаги маълумотларни сақлаш, балки тиббиёт муассасалари самарадорлигини баҳолаш, аҳоли эҳтиёжларини прогноз қилиш ва ресурсларни тақсимлаш учун ҳам қўлланилади. Ўзбекистонда эса рақамлаштириш ҳозирча        технологик модернизация сифатида кўрилмоқда. Унинг стратегик бошқарув воситаси сифатидаги салоҳияти эса ҳали тўлиқ ишга солинмаган.

    Туркия тажрибаси ҳам эътиборга молик. Health Transformation Program доирасида бирламчи тиббий ёрдамни такомиллаштириш ва хизматлар сифатини баҳолаш механизмларини жорий этиш орқали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада оширилган. Бироқ асосий муваффақият инфратузилмани янгилаш эмас, балки натижалар учун масъулият тизимини шакллантириш билан боғлиқ бўлган.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон амалиётида бундай механизмлар ҳали етарлича ривожланмаган. Бу эса муассасаларни аҳоли саломатлигини яхшилаш натижаларига эмас, балки миқдорий кўрсаткичларни бажаришга йўналтириб қўйиш хавфини юзага келтиради.

    Аҳоли саломатлигига    таъсир этувчи экологик омиллар ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар жаҳон миқёсида соғлиқни сақлаш тизимлари учун жиддий хавф туғдирмоқда. Бу эса Ўзбекистон учун соғлиқни сақлашга тор соҳа сифатида эмас, балки кенг қамровли жамоат саломатлиги тизими сифатида ёндашиш заруратини англатади.

    Яна бир муҳим муаммо - ислоҳотларни молиялаштиришнинг барқарорлигидир. Бюджет ресурслари чекланган шароитда харажатлар самарадорлигини ошириш зарурати туғилади. Жаҳон банки ва ЖССТ тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ўрта даромадли мамлакатлар учун муваффақиятнинг асосий омили маблағларни кўпайтириш эмас, балки уларни тақсимлаш ва натижаларни назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришдир.

    Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими олдидаги асосий вазифа янги мақсадларни белгилаш эмас. Чунки мамлакат томонидан белгиланган стратегик мақсадлар халқаро кун тартиби ва илғор жаҳон тажрибасига жавоб беради. Асосий масала — ушбу мақсадларни чекланган ресурслар, кадрлар танқислиги, демографик босим ва экологик муаммолар шароитида самарали амалга ошира оладиган институционал салоҳиятни шакллантиришдир.    

    Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, кейинги босқич ислоҳотларининг бир нечта устувор йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин.    Биринчидан,    тиббий сиёсат марказига касалликларни даволаш эмас, балки хавф омилларини бошқариш ва профилактикани қўйиш зарур.    Иккинчидан,айниқса бирламчи тиббий ёрдам тизимида мутахассисларни сақлаб қолиш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган узоқ муддатли кадрлар стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилади.    Учинчидан,    рақамлаштириш жараёнини технологик лойиҳа сифатида эмас, балки бошқарув сифати ва қарор қабул қилиш самарадорлигини ошириш воситаси сифатида кўриш лозим.    

    Хулоса қилиб айтганда, айнан шу вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилиши юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини шунчаки миқдорий кенгайтириш босқичидан инсон эҳтиёжларига йўналтирилган, профилактикага асосланган ва замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳақиқий жамоат саломатлиги моделига айлантириш имконини белгилаб беради. Бу эса нафақат аҳоли саломатлигини яхшилаш, балки мамлакатнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун ҳам мустаҳкам замин яратади.        

Муслим Эргашбаев

                                                                                                                                                                                                                        Барқарор ривожланиш маркази эксперти

Манба