Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Саноат - Янги Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш драйвери сифатидa

19-05-2026 779

    Ўзбекистоннинг иқтисодиёт бўйича нуфузли "Иқтисодий шарҳ" журналининг 2026 йил 4-сонида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Искандар Ўроқбоевнинг “Саноат - Янги Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш драйвери сифатида” мавзусидаги таҳлилий мақоласи чоп этилди.

    Мазкур мақолада Ўзбекистон саноатида 2017–2025 йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, саноатнинг иқтисодий ўсишдаги ўрни ва келгуси ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинган. Мақоланинг асосий мақсади — саноат соҳасидаги таркибий ўзгаришлар, инвестиция жараёнлари, қайта ишлаш саноатининг ривожланиши ҳамда “яшил” индустриал трансформациянинг миллий иқтисодиётга таъсирини баҳолашдан иборат.

    Мақолада жаҳон иқтисодиётида саноатнинг аҳамияти кенг ёритилиб, унинг ялпи ички маҳсулот ўсиши, иш ўринлари яратиш ва юқори қўшилган қиймат шакллантиришдаги роли кўрсатиб берилган. Шунингдек, рақамлаштириш, сунъий интеллект, “яшил” энергетика ва юқори технологияли ишлаб чиқариш каби глобал тенденциялар келгуси саноат ривожланишининг асосий омиллари сифатида қайд этилган.

    Мақолада Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилган саноат ислоҳотлари таҳлил қилинган. Хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар саноат ўсишининг муҳим омили сифатида баҳоланган.

    Шу билан бирга, қайта ишлаш саноатининг улуши ортиши, қурилиш материаллари, машинасозлик, тўқимачилик ва кимё саноатида юқори ўсиш суръатлари кузатилгани таъкидланган. Саноатга йўналтирилган хорижий инвестициялар ҳажми ортиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилгани ҳам муҳим натижалар сифатида келтирилган.

    Мақолада саноат сиёсати олдида турган долзарб масалалар ҳам кўрсатилган. Жумладан, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, экспортни диверсификация қилиш ва энергия самарадорлигини кучайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган.

    Хулоса қисмида Ўзбекистон саноатида таркибий трансформация жараёнлари фаоллашгани, қайта ишлаш саноати иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айлангани ва келгусида инновация ҳамда “яшил” индустриал ривожланишни чуқурлаштириш мамлакат рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.