Табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, айниқса сув ресурсларини тежаш ҳамда уларни муҳофаза қилиш барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис жаҳоннинг ривожланган давлатларида, жумладан Жанубий Кореяда сувдан тежамкор фойдаланишга қаратилган замонавий ёндашувлар кенг жорий этилмоқда.
Мазкур йўналишда шаҳар инфратузилмасида ёмғир сувини йиғиш ва ундан қайта фойдаланиш амалиёти алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, шаҳар ҳудудларида ёмғир сувини тўплаш, тозалаш ва уни техник мақсадларда қайта ишлатишга хизмат қилувчи тизимлар жорий этилган бўлиб, бу орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланиш таъминланмоқда.Жумладан, йўл юзаларига ўрнатилган автоматик сув пуркаш тизимлари орқали йиғилган ва қайта ишланган сув майда томчилар шаклида тарқатилиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим вазифаларни бажаради. Бу каби технологиялар ёз фаслида асфальт қопламасининг ортиқча қизиб кетишини олдини олиш, ҳаводаги чанг миқдорини камайтириш ҳамда шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ушбу тизимларда асосан ичимлик суви эмас, балки ёмғир суви ва қайта ишланган техник сувдан фойдаланилиши сув ресурсларини тежаш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Жанубий Корея тажрибаси шаҳар инфратузилмасида инновацион ечимларни қўллаш орқали табиий ресурсларни асраш, экологик мувозанатни сақлаш ва барқарор ривожланишга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Зеро, сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш келажак авлодлар фаровонлигини таъминлашнинг муҳим кафолатидир.
Мадинабону Шарифова Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси