Шаҳарсозликда энг қиммат хато — бино қурилгандан, йўл ётқизилгандан ёки янги турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилгандан кейин аён бўладиган хатодир. Янги объект атрофида тирбандлик кучайиши, мактаб ва боғча қуввати етмаслиги, сув ёки электр тармоғига ортиқча юк тушиши, яшил ҳудудлар қисқариши каби муаммоларни кейин бартараф этиш катта маблағ талаб қилади. «Рақамли эгизак» технологияси эса бундай қарорларни қурилиш бошланишидан олдин виртуал муҳитда текшириш имконини беради.
Жанубий Корея пойтахти Сеулдаги Virtual Seoul — S-Map платформаси шаҳарнинг уч ўлчамли рақамли моделига бинолар, йўллар ва бошқа фазовий маълумотларни бирлаштиради. Шу орқали янги қурилиш, транспорт ҳаракати ёки инфратузилмадаги ўзгаришларнинг эҳтимолий таъсири олдиндан баҳоланади. Яъни шаҳар аввал қурилиб, кейин муаммоси изланмайди — қарор дастлаб рақамли муҳитда синовдан ўтади.
Ўзбекистон учун бу тажрибани айнан кўчириш эмас, маҳаллий шаҳарсозлик анъаналарига мослаштириш муҳим. Бизда шаҳар муҳити фақат бинолардан иборат эмас. Маҳалла ва ҳовлилар, жамоат майдонлари, пиёдалар учун қулай йўлаклар, соя-салқин кўчалар, яшил ҳудудлар ҳамда ижтимоий объектларнинг аҳолига яқин жойлашуви шаҳарда яшаш сифатини белгилайди. Шунинг учун миллий «рақамли эгизак» фақат 3D харита эмас, балки маҳалла муҳити ва инсон эҳтиёжини ҳам ҳисобга оладиган таҳлилий платформа бўлиши лозим.
Масалан, 5 минг хонадонли янги массив қурилиши режалаштирилса, платформа транспорт оқими қанчалик ортишини, нечта мактаб ва боғча керак бўлишини, сув, канализация ва электр тармоқлари қўшимча юкламани кўтара олишини, бинолар шамол йўналиши ва яшил ҳудудларга қандай таъсир қилишини олдиндан моделлаштириши мумкин. Бу қарор қабул қилувчига бир нечта вариантни солиштириб, энг кам харажатли ва аҳоли учун қулай ечимни танлаш имконини беради.
Бундай тизимни бутунлай янгидан яратиш шарт эмас. Ўзбекистонда бош режалар ва шаҳарсозлик ҳужжатларини электрон шаклга ўтказиш, кадастр ҳамда геоахборот маълумотларини рақамлаштириш ишлари аллақачон йўлга қўйилган. Кейинги босқичда ушбу маълумотларни йўллар, жамоат транспорти, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, мактаб ва шифохоналар, яшил ҳудудлар ҳамда режалаштирилаётган қурилишлар ҳақидаги маълумотлар билан ягона тизимда боғлаш мумкин. Лойиҳани амалиётга жорий этишни дастлаб алоҳида туман ёки йирик реконструкция ҳудудида синов тариқасида бошлаш мақсадга мувофиқ. Янги қурилиш объектлари рухсат бериш босқичигача рақамли модел орқали баҳоланиб, пилот лойиҳа самарали натижа берса, тизимни бошқа шаҳарларга ҳам босқичма-босқич татбиқ этиш мумкин.
«Рақамли эгизак» миллий шаҳарсозлик анъаналарининг ўрнини эгалламайди. Аксинча, у мавжуд шаҳар муҳитини асраш, маҳалла манфаатларини инобатга олиш ва замонавий инфратузилмани самарали режалаштириш имконини кенгайтиради. Унинг асосий қиймати чиройли виртуал шаҳар яратишда эмас, балки нотўғри қарорнинг нархини ғишт қўйилишидан олдин кўра билишдадир. Шунда Ўзбекистон шаҳарлари аввал виртуал муҳитда пухта синовдан ўтказилиб, кейин барпо этиладиган барқарор ва инсон учун қулай яшаш муҳитига айланади.
Манбалар: Seoul Metropolitan Government — Virtual Seoul (S-Map); World Bank — Smart City Solutions; Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги материаллари.
Алишер Азизов Барқарор ривожланиш маркази — бош мутахассис