Ҳосил етиштириш фермер учун ишнинг ярми, холос. Уни нобуд қилмасдан сақлаб, муносиб нархда сотиш эса ишнинг иккинчи ярми. Аммо йиғим-терим авжига чиққан пайтда бозорга маҳсулот бир вақтда кўп чиқади ва нарх пасаяди. Совуткичли омбордан фойдалана олмаган кичик фермер ҳосили бузилмаслиги учун уни шошилиб, арзонга сотишга мажбур бўлади.
Бундай муаммога Нигерияда қуёш энергияси ёрдамида амалий ечим топилган. Мамлакатдаги ColdHubs лойиҳаси модулли совуткичли омборларни фермер хўжаликлари яқинида ва бозорларда ўрнатган. Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқот институти (IFPRI)платформасида эълон қилинган лойиҳа маълумотларига кўра, бу омборлар маҳсулотнинг сақланиш муддатини 2 кундан 21 кунгача узайтирган. Дастлабки икки йилда бешта омбор ёрдамида қарийб 5 800 тонна мева-сабзавотнинг нобуд бўлиши олди олинган. 300 дан ортиқ фермер ва савдогарнинг ойлик даромади эса қарийб икки баробар ошган.
Нигерияда ўз самарасини кўрсатган бу ёндашув Ўзбекистон учун ҳам долзарб. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги шароитни ўрганиб, қуёш панелларида ишлаб чиқарилган электр энергиясидан совуткичли омборлар, сув насослари ва қайта ишлаш ускуналарини ишлатишда фойдаланишни таклиф қилган. ФАОга кўра, бундай ечим маҳсулот йўқотилишини камайтириш ва унинг сифатини сақлашга ёрдам беради.
Ўзбекистонда ҳар бир фермерга алоҳида омбор қуриш шарт эмас. Мева-сабзавот етиштириладиган ҳудудларда бир нечта хўжаликка хизмат кўрсатадиган кичик, модулли омборлар ташкил этиш мумкин. Бу моделда фермер омбор сотиб олмайди — маҳсулот ҳажми ва сақлаш муддатига қараб хизмат ҳақи тўлайди. Очиқ тарифлар ва соддалаштирилган буюртма тизими хизматнинг шаффофлигини таъминлайди. Омборнинг далаларга яқин жойлашиши маҳсулотни ўз вақтида совитиш, саралаш ва қадоқлаш имконини беради.
Бироқ қуёш панелларини ўрнатишнинг ўзи етарли эмас. Панеллар асосан кундузи энергия ишлаб чиқаради, совитиш тизими эса кечаю кундуз ишлаши керак. Шу боис омбор аккумулятор ёки электр тармоғи билан уйғун ишлаши, ускуналарга мунтазам техник хизмат кўрсатилиши лозим.
Лойиҳани дастлаб ФАО ўрганган уч ҳудуднинг мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларида синовдан ўтказиш мумкин. Омборларни кооператив, хусусий оператор ёки давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш, ташаббускорларга узоқ муддатли кредит ва техник кўмак бериш мақсадга мувофиқ. Натижа маҳсулот йўқотилиши, фермер даромади ва энергия сарфидаги ўзгаришлар асосида баҳоланиши керак.
Қуёш энергиясида ишлайдиган совуткичли омбор фермерга вақт ва танлов имконини беради. У ҳосилини йиғиб олган куниёқ арзонга сотишга мажбур бўлмайди, балки сифатини сақлаб, талаб ортган пайтда бозорга чиқара олади. Демак, бу оддий омбор эмас, фермер даромадини ошириш ва озиқ-овқат йўқотилишини камайтиришга хизмат қиладиган амалий ечимдир.
Алишер Азизов,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси