Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Қурилишда айланма иқтисодиёт: сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг янги имкониятлари

07-10-2026 48

    Замонавий шаҳарлар кенгайиб, инфратузилма жадал суръатларда янгиланаётган бир шароитда қурилиш соҳаси глобал ресурсларнинг энг йирик истеъмолчиларидан бирига айланди. Айни пайтда эски биноларни бузиш жараёни ҳам улкан ҳажмда чиқинди ҳосил қилмоқда. Ҳар йили дунё бўйича миллионлаб тонна бетон, ғишт, металл, ёғоч ва бошқа қурилиш материаллари хизмат муддати тугагач, иқтисодий айланмадан чиқарилиб, чиқинди полигонларига юборилади. Аслида эса уларнинг катта қисми қайта фойдаланиш мумкин бўлган қимматли ресурсдир.

    Қурилиш материалларини бир марта ишлатиб, кейин ташлаб юбориш нафақат иқтисодий йўқотишларга олиб келади. Бу янги хом ашёни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва янги материаллар ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Натижада табиий ресурсларга босим кучаяди, энергия сарфи ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми ортади.

    Шу нуқтаи назардан, қурилиш соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш янги иқтисодий моделни шакллантирмоқда.

    2026 йил 23 сентябрь куни Жаҳон иқтисодий форуми (World Economic Forum – WEF) UpLink Low-Carbon and Circular Systems Challenge доирасида саноат ва қурилиш соҳаларидаги тизимли самарасизликни камайтиришга қаратилган 12 та инновацион стартапни эълон қилди. Улар орасида Германиянинг    Concular рақамли платформаси қурилиш индустриясига янгича ёндашув таклиф этаётган лойиҳалардан бири сифатида эътибор қозонди.

    Concular платформасининг асосий ғояси оддий, аммо муҳими бузилаётган бинони қайта фойдаланиш мумкин бўлган материаллар захираси сифатида кўриш керак.

    Бу ёндашувда бино бузилишидан аввал ундаги конструкциялар ва материаллар рақамли инвентаризациядан ўтказилади. Эшик ва деразалардан тортиб металл конструкциялар, ёғоч элементлар, фасад қисмлари ва бошқа материалларгача рақамли ҳисобга олинади.

    Сунъий интеллект алгоритмлари эса ушбу материалларнинг техник хусусиятлари, ҳолати ва қайта ишлатиш имкониятларини таҳлил қилиб, уларни бошқа қурилиш объектларининг эҳтиёжлари билан мослаштиради.

    Натижада бир объект учун кераксиз бўлиб қолган материал бошқа объект учун тайёр ресурсга айланади.

    Бунда материални аввал чиқинди полигонига олиб бориш, кейин эса янги хом ашё сотиб олиш зарурати камаяди. Рақамли платформа бир объектдаги мавжуд ресурсни бошқа қурилиш лойиҳаси билан тўғридан-тўғри боғлаш имконини беради.

    Бундай рақамли ечим экологик аҳамият билан чекланмайди.    

У қурилиш бизнеси учун ҳам аниқ иқтисодий манфаат яратади.

    Concular ёндашуви орқали биноларни демонтаж қилиш билан боғлиқ харажатларни 30 фоизгача, янги қурилиш материалларини харид қилиш харажатларини эса 20 фоизгача қисқартириш имконияти мавжудлиги қайд этилмоқда.

    Демак, сунъий интеллект бу ерда бир вақтнинг ўзида ресурсларни топиш, баҳолаш, қайта тақсимлаш ва иқтисодий муомалага қайтариш воситасига айланмоқда.

    Шу тариқа, қурилиш соҳасида хом ашёни қазиб олиш, ундан қурилишда фойдаланиш, бинони эксплуатация қилиш ва хизмат муддати тугагач, уни бузиб, материалларни чиқиндига чиқаришга асосланган анъанавий чизиқли модель аста-секин ўз ўрнини циркуляр ёндашувга бўшатмоқда. Янги моделда бино бузилишидан олдин рақамли аудитдан ўтказилади, ундаги материал ва конструкциялар сараланади, уларнинг қайта фойдаланиш имкониятлари баҳоланади ҳамда яроқли ресурслар бошқа қурилиш объектларига йўналтирилади.    

    Қурилиш материалларидан қайта фойдаланишга асосланган бундай технология БМТнинг бир қатор Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам бевосита хизмат қилади. Жумладан,        қурилиш материалларидан қайта фойдаланишга асосланган бундай технологик ёндашув БМТнинг бир қатор Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам бевосита хизмат қилади. Жумладан, у БРМ 9 – “Саноат, инновациялар ва инфратузилма” мақсади доирасида сунъий интеллект, рақамли аудит ва материаллар тўғрисидаги маълумотлар базасини қурилиш жараёнларига интеграция қилиш орқали соҳанинг технологик ва инновацион салоҳиятини оширади. Шу билан бирга, БРМ 11 – “Барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари” мақсадига мувофиқ, қурилиш ва бузиш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳажмини камайтириш, шаҳарларда чиқиндиларни бошқариш тизимига тушадиган юкни енгиллаштириш ҳамда полигонларга юбориладиган материаллар миқдорини қисқартириш имконини беради.

    Мазкур ёндашув БРМ 12 – “Масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш” мақсади билан ҳам узвий боғлиқ бўлиб, мавжуд қурилиш материалларидан қайта фойдаланиш ҳисобига янги табиий ресурсларни қазиб олишга бўлган эҳтиёжни камайтиради ва уларни иқтисодий айланмада узоқроқ сақлаб қолишга хизмат қилади. Айни пайтда, цемент, металл ва бошқа қурилиш материалларини янгидан ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши энергия истеъмоли ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга имкон яратиб, БРМ 13 – “Иқлим ўзгаришига қарши кураш” мақсадига эришишга ҳам муносиб ҳисса қўшади.

    Concular тажрибаси яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатмоқда,        экологик талаблар ва рақамлаштириш бизнес учун фақат қўшимча мажбурият ёки харажат сифатида қаралмаслиги керак.

    Аксинча, рақамли паспортлаштириш, сунъий интеллект асосида материалларни таниб олиш ва уларни қайта фойдаланиш занжирига киритиш корхоналар учун харажатларни камайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва янги бозор сегментларини шакллантириш имконини беради.

    Келажакда қурилиш материалининг қиймати уни неча марта ва қандай самарадорлик билан қайта ишлатиш мумкинлиги билан ҳам баҳоланиши эҳтимолдан холи эмас.

    Шу маънода, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эътироф этилган Concular каби лойиҳалар рақамлаштириш билан “яшил” технологиялар уйғунлиги келажак шаҳарсозлигининг муҳим йўналишига айланаётганини кўрсатади.

    Энг муҳими, янги ёндашув биз одатда “қурилиш чиқиндиси” деб атайдиган материалларга бошқача назар ташлашга ундамоқда.

    Кеча чиқинди ҳисобланган бетон, металл ёки ёғоч эртага янги бинонинг бир қисмига айланиши мумкин. Сунъий интеллект эса ана шу икки нуқтани боғлайдиган рақамли кўприк вазифасини бажармоқда.

    Шарифова Мадинабону,

    “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси