Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИ

04-04-2026 700

2026 йил 3 апрель куни Хоразм вилоятида “Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг институционал асослари ва долзарб вазифалари”мавзусида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Анжуман Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилди ва унда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Жамоатчилик муҳокамасини Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, профессор Санъатбек Салайев ва Барқарор ривожланиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари, профессор Бахтияр Рузметов кириш сўзи билан очди. Муҳокамалар давомида камбағалликни қисқартириш сиёсати, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ҳамда маҳалла институтининг ўрни каби муҳим масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини камайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Расмий маълумотларга кўра:

• 2023 йилда камбағаллик даражаси — 11%

• 2024 йилда — 8,9%

• 2025 йилда — 5,8%

Ушбу кўрсаткичлар қисқа вақт ичида камбағаллик даражасининг сезиларли даражада пасайганини кўрсатади.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда қарийб 1,5 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилган, шунингдек 1435 та маҳалла “камбағалликдан холи ҳудуд” сифатида қайд этилган .

Бу эса уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якунига қадар икки баробар қисқартириш бўйича белгиланган мақсад амалда 2025 йилнинг ўзида таъминланганини кўрсатади .

Мазкур ижобий ўзгаришлар қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

“маҳаллабай ишлаш” тизимининг жорий этилиши;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмларининг кенгайиши;

янги иш ўринлари яратишга қаратилган дастурлар;

аҳоли даромадларини диверсификация қилиш сиёсати.

Амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ҳозирги маълумотларга кўра, мамлакатда камбағал аҳоли сони тахминан 2,2 миллион нафарни ташкил этади. Камбағалликнинг энг юқори улуши қуйидаги ҳудудларга тўғри келади:

Самарқанд вилояти — 265 минг нафар

Фарғона вилояти — 239 минг нафар

Қашқадарё вилояти — 238 минг нафар

Андижон вилояти — 214 минг нафар.

Шунингдек, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасида муайян фарқ сақланиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, шаҳарларда камбағаллик даражаси 5,2 фоиз, қишлоқ ҳудудларида эса 6,4 фоизни ташкил этган.

Иқтисодиётда норасмий бандлик улуши муайян даражада сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат:

ижтимоий ҳимоя тизимидан тўлиқ фойдаланмасликка

пенсия таъминотининг заифлашишига

меҳнат ҳуқуқларининг чекланишига олиб келиши мумкин.

Аҳоли реал даромадлари умумий ҳисобда ўсиб бораётган бўлса-да, ҳудудлар ўртасида ўсиш суръатлари бир хил эмас.

2025 йилда аҳоли жон бошига реал даромадлар ўсишининг юқори кўрсаткичлари:

Фарғона вилояти — 14,8 %

Хоразм вилояти — 8,7 %

Тошкент шаҳри — 8,5 %

Қашқадарё вилояти — 8,5 %.

Айрим ҳудудларда эса ўсиш суръатлари республика ўртача кўрсаткичидан паст бўлган.

Муҳокамада Хоразм вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зафар Аллакулийев “Аҳоли даромадларини ошириш ва бандликни таъминлаш механизмлари”;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Бердийев “Ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдам тизимини такомиллаштириш”;

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларини ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курси директори Икром Маткаримов“Маҳалла институтининг камбағалликни қисқартиришдаги роли”;

Хоразм вилояти Минтақавий тадқиқотлар маркази ижрочи раҳбари Маъмун университети доценти Ғулом Сапайев “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш”;

Хоразм вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси етакчи мутахасисси Сарвар Рахмонов “Ҳудудий ривожланиш ва янги иш ўринларини яратиш” мавзуларида маъруза қилдилар.

Мухокамаларда иштирокчилар ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга таъсир этувчи институционал механизмлар, уларнинг самарадорлиги ҳамда амалиётда қўлланиш имкониятлари мазкур йўналишдаги иқтисодий сиёсатнинг стратегик устувор йўналишлари ижтимоий ҳимоя механизмларининг қамровчанлиги ва аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган дастурлар юзасидан таклифлар билдирдилар.

Анжуманда Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари профессор Б. Рузметов ўз сўзида сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, бу борада бандликни ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурлар амалга оширилаётганлигига тўхталди.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлашга масъул давлат институтининг ташкил этилиши, “маҳаллабай ишлаш” тамойилининг жорий қилиниши, ижтимоий ҳимоя механизмларининг босқичма-босқич такомиллаштирилиши мазкур соҳадаги давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқди. Натижада аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида муайян ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Шу билан бирга, айрим ҳудудлар ва иқтисодий тармоқларда муаммолар сақланиб қолмоқда. Шу сабабли мазкур масалаларни чуқур таҳлил қилиш ва жамоатчилик муҳокамаси доирасида баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.

Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, профессор Санъатбек Салайев қишлоқ иқтисодиётини ривожлантириш, касб-ҳунар таълими тизимини модернизация қилиш, аёллар ва ёшлар бандлигини ошириш, норасмий иқтисодиётни қисқартириш қуйидаги йўналишларда ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Соҳага масъул ташкилотларга қандай вазифалар белгиланди?

Муҳокама давомида вилоятдаги мутасадди ташкилотлар олдига қуйидаги устувор вазифалар қўйилди:

манзилли ишлашни кучайтириш — “маҳаллабай” тизим асосида ҳар бир эҳтиёжманд оила билан индивидуал ишлаш;

бандликни таъминлаш — янги иш ўринлари яратиш ва норасмий бандликни қисқартириш;

тадбиркорликни ривожлантириш — имтиёзли кредит, субсидия ва грантлар орқали аҳолини бизнесга жалб қилиш;

ижтимоий ҳимояни кучайтириш — ёрдамларнинг манзиллилиги ва қамровини ошириш;

ёшлар ва аёллар бандлигига эътибор — меҳнат бозорига уларни кенг жалб қилиш;

касб-ҳунар таълими — меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлашни кучайтириш.

Муҳокама натижалари бўйича қандай хулоса ва вазифалар белгиланди?

Жамоатчилик муҳокамаси якунида қуйидаги стратегик йўналишлар муҳим деб белгиланди:

қишлоқ ҳудудларида иқтисодий фаолликни ошириш ва янги иш ўринлари яратиш;

ижтимоий сиёсатнинг манзиллилигини кучайтириш ва камбағаллик хавфини олдиндан камайтириш;

норасмий иқтисодиётни қисқартириш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя тизимига тўлиқ жалб қилиш;

ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий номутаносибликни камайтириш;

иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ҳимоя уйғунлигини таъминлаш.

Муҳокама иштирокчилари таъкидлаганидек, камбағалликни барқарор қисқартириш фақат иқтисодий ўсиш билан эмас, балки самарали бандлик сиёсати ва кучли ижтимоий ҳимоя тизими билан узвий боғлиқ.

Хоразм вилоятида ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар муайян натижалар берётганини кўрсатди. Хусусан, камбағаллик даражасининг пасайиши, бандлик имкониятларининг кенгайиши ва ижтимоий ҳимоя тизимининг такомиллашиб бораётгани ижобий ўзгаришлар сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, муҳокамалар камбағалликни барқарор қисқартириш учун ҳали ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини ҳам очиб берди. Жумладан, ҳудудлар ўртасидаги фарқлар, норасмий бандлик ва даромадлар тенгсизлиги каби омиллар тизимли ёндашувни талаб этмоқда.

Якуний хулоса сифатида таъкидландики, камбағалликни қисқартириш сиёсати самарадорлиги иқтисодий ислоҳотлар, бандликни таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя чораларининг ўзаро уйғунлигига бевосита боғлиқ. Мазкур йўналишларда манзилли ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш орқали аҳоли фаровонлигини барқарор ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутассади ташкилотлар вакиллари томонидан жавоб берилди.

Барқарор ривожланиш маркази

Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари профессор Б.Рузметов