2026 йил 18 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Оли ал-Байт университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари тақдимотига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистондан ташриф буюрган академик делегация, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги илмий, таълимий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат академик доиралари ўртасида тажриба алмашиш ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан Иордания илмий жамоатчилигини яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Университет вице-президенти, профессор доктор Ҳани Ахухаршида ўз нутқида бундай илмий учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги академик ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, улар олий таълим муассасалари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, билим ва тажриба алмашиш, мамлакатларнинг тараққиёт борасидаги ютуқларини ўзаро ўрганиш учун қулай имконият яратишини қайд этди.
Университетнинг Санъат ва гуманитар фанлар факультети декани, профессор доктор Маҳмуд ад-Дики Ўзбекистон делегациясини самимий қутлар экан, мазкур тадбир тарихий алоқалар, муштарак хотира ва умумий маданий қадриятлар билан боғланган икки халқ ўртасидаги илмий-маърифий мулоқотнинг муҳим намунаси эканини таъкидлади.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Камилжон Раҳимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.
Унда сўнгги йилларда Ўзбекистон эришган натижалар, глобал муаммо ва таҳдидларга қарши туриш борасидаги саъй-ҳаракатлар, инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдондаги ўрнини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар таҳлил қилинди.
Профессор Абдулкарим Жарадат Ўзбекистоннинг бой тарихи ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган муносиб ҳиссасига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Президент асарида илгари сурилган ғоялар Иордания қироли Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайн ташаббуси билан эълон қилинган «Аммон мурожаати»нинг асосий тамойиллари — диний бағрикенгликни тарғиб қилиш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ғоялари билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади.
Санъат ва гуманитар фанлар факультети профессори Анвар ал-Холидий асарнинг интеллектуал ва стратегик аҳамиятига тўхталиб, уни Ўзбекистонда 2016 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар, институционал модернизация ва мамлакат тараққиётининг янги босқичини акс эттирувчи муҳим манба сифатида баҳолади.
Факультет вакили доктор Нарт Қаҳун ҳам китобнинг мазмуни, унинг интеллектуал ва сиёсий жиҳатлари ҳақида фикр билдирди. Унда Ўзбекистондаги ислоҳотлар, модернизация жараёнлари ва мамлакатнинг келажак тараққиётига оид қарашлар ўз ифодасини топганини қайд этди. Шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар, ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳамда уларнинг мамлакат халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов университет вице-президенти, профессор Ҳани Ахухаршидага Ўзбекистоннинг бой тарихи, илмий мероси ва цивилизациясини акс эттирувчи қимматли тарихий ҳамда илмий китоблар тўпламини тақдим этди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат олимлари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт тажрибасини халқаро академик майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Барқарор ривожланиш маркази
матбуот хизмати