Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзликка қайтиш – буюк ва ўзгармас жараён

12-10-2026 8

    Янги Ўзбекистон    Учинчи Ренессанс    барпо этишни узоқ муддатли улуғ мақсад сифатида белгилаб, мана, ўн йилдирки, шу йўлда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асослаб берилган ушбу стратегик йўлнинг маъно-мазмуни, мақсади ва устувор йўналишларига теран назар ташлар эканмиз, улар кўп жиҳатдан бундан бир аср муқаддам улуғ маърифатпарвар жадид боболаримиз бошлаган маърифий ҳаракатга уйғун ва ҳамоҳанг эканини кўрамиз. Дарҳақиқат, ана шу илғор интеллектуал элитанинг ўтган аср аввалида – ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятда жамиятни модернизация қилиш, халқни жаҳолат ва зулм кишанларидан озод этиш, давлатчилик негизини, у билан бирга миллий ўзлик асосларини тиклаш ҳақидаги орзулари бугун реал воқелик, амалдаги қадриятлар сифатида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.    

    Инсоният тарихи шундан далолат берадики, халқни бирлаштириш, тарқоқ аҳоли қатламларини ягона миллатга айлантириш учун барча замонларда ҳам буюк ғоялар керак бўлган. Улар эл-улуснинг азалий орзу-умидлари, туб мақсад ва манфаатларини мужассам акс эттирган тақдирдагина жамиятни уйғотиб, уни катта бунёдкор куч, қудратли ижтимоий ҳаракатга айлантирган. Ҳозирги вақтда биз интилаётган Учинчи Ренессанс ғояси айнан ана шу талабларга жавоб бериши билан ғоят муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ғоя тимсолида кейинги минг йил давомида ўзининг буюк бунёдкорлик салоҳияти, фидокорона меҳнати ва маънавий жасорати билан Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига доялик қилган мард ва донишманд халқимизнинг асл яратувчанлик қиёфасини бамисоли тиниқ кўзгуда кўргандек бўлади. Ҳеч шубҳасиз, бу бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди, томирларимизда ухлаб ётган минг йиллик куч-ғайрат, илм-маърифат ва ишонч туйғусини қайта уйғотгандек бўлади.

    Ишга туширилганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний маърифий мажмуаларига халқимиз нима учун катта ҳавас ва қизиқиш билан қарамоқда? Чунки, Янги Ўзбекистон мўъжизалари деб баҳоланаётган бу меъморий дурдоналар қалбларимиздаги илм-маърифатга, ўзликни англашга чанқоқ нуқталарга гўёки уч минг йиллик тарихимиз ва маданиятимиз бағридаги гиёҳлардан малҳам қўйгандек бўлди. Атоқли шоиримиз Омон Матжон айтганидек,    “Ёлғоннинг тахтдаги минг йил даврони // Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир”.

    Чиндан ҳам, Ислом цивилизацияси маркази залларини бир марта айланиб чиқсангиз бизнинг, ота-боболаримизнинг онгу тафаккурига асрлар давомида сингдириб келинган сохта гаплар бир зумда чиппакка чиқиб кетганини кўрамиз. Бу улуғ маърифат даргоҳидан бутунлай бошқа одам бўлиб чиқамиз. Ҳаққоний тарих ва маданият намуналари бизга ўзлигимизни, миллий ғуруримизни қайтариб бергандек бўлади.    

    Жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, дейлик, Гулханий бобомизнинг «Зарбулмасал»идан тортиб, Пауло Коэльо жанобларининг машҳур асарларини оласизми — барчасида бир ғоя, яъни, шахс фақат ўзликка қайтиш орқалигина бахт ва эркинликка эриша олиши таъкидланади. Олимларнинг қайд этишларича, росмана донишмандлик ва қалб хотиржамлиги эса, аввало, ўзини билиш ва англашдан,    кучли ва кучсиз жиҳатларини идрок этишдан бошланар экан.    Мавлоно    Румий ҳазратларининг    «Ичиндаги ичиндадур»    деган иборада жам бўлган фалсафий қарашлари ҳам шу фикрнинг тасдиқлайди.    

    Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистон истиқболи, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун асос бўладиган ғоявий-мафкуравий асосларни олис ўлкалардан ёки океан ортидан эмас, мана шу муқаддас юртимиз тупроғидан, аждодларимизнинг эзгу интилишларидан, халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг бунёдкорлик қудрати ва салоҳиятидан излашимиз керак. Учинчи Ренессанс ғояси ҳам аслида барчамизни шунга — бахт ва тараққиёт формуласини ўз тарихимиздан излашга даъват этади.    

    Жадид боболаримизнинг мақсади не эди?

    Маълумки, ХХ аср бўсағасида Туркистон чуқур инқироз домида қолган эди. Чоризм империясининг мустамлакачилик зулми ва ички консерватив турғунлик исканжасида эзилиб ётган ўлка ўзнинг асрлар давомида мисқоллаб йиғилган мустақил тарихий субъект сифатидаги қиёфаси ва белги-аломатларини ботмонлаб бой бераётган эди. Бу жараёнларнинг ҳалокатли оқибатларини олдиндан кўра билган маҳаллий зиёлиларнинг илғор қатлами қудратли ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий ҳодиса — жадидлик ҳаракатига асос солдилар.    

    Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Фитрат, Исҳоқхон Ибрат, Чўлпон ўрта асрларга хос турмуш тарзини, эскирган ижтимоий муносабатларни тубдан модернизация қилмасдан туриб, ҳақиқий мустақилликка эришиш ва минтақанинг қадимий шон-шуҳратини қайта тиклаш имконсиз эканини яхши англадилар. Уларнинг ислоҳотчилик қарашларида учта фундаментал масала ўқ илдиз бўлиб турарди.


    Биринчиси    – таълим ислоҳоти. Мактаблардаги ўрта асрларга хос схоластика – қуруқ ёдлашдан янги усулдаги мактабларга ўтиш мақсад қилиб қўйилди. Жадидлар ўқув жараёнига аввало математика, физика, география ва тарих каби аниқ ва дунёвий фанларни киритдилар. Чунки, Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек:    “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозим”    эди.


    Иккинчи масала    – иқтисодий эркинлик. Ҳаракат етакчилари молиявий мустақилликсиз сиёсий озодлик хомхаёл – утопия эканини яхши тушунишарди. Улар савдо-саноат ширкатлари, нашриёт уйлари ташкил этдилар, миллий тадбиркорликни ривожлантирдилар ва Туркистон иқтисодиётини жаҳон хўжалиги тизимига хомашё базаси сифатида эмас, балки тенг ҳуқуқли шерик сифатида интеграция қилишга интилдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетасида чоп этилган мақоласидаги мана бу фикрлар ўз даври учун жуда муҳим аҳамиятга эга эди:    “Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб, оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар.    Ўз нимарсамизни Оврупо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатурғон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврупо ила савдо қилатурғон кишини (ўзи) аввал ўн сана замона илми ўқумоғи лозим. Бизда шоҳи, адрас, беқасам, алоча... бофликлар бор. Агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса,    бу дастгоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур. Валлоҳ, яқин вақтда "дока" бофилларимиздек зоеъ бўлиб кетар. Чунки Оврупо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқорур”.

    Учинчи масала    – давлат ва ҳуқуқий онгни эволюцион, яъни, тадрижий тарзда ўзгартириш. Жадидлар фуқаролик жамиятининг дунёвий институтларига доир концепцияни шакллантирдилар, қонун устуворлиги, ҳуқуқлар тенглиги ва матбуот эркинлиги учун курашдилар. Улар томонидан нашр этилган «Садои Туркистон», «Ойна», «Нажот» каби газеталар очиқ ижтимоий-сиёсий мулоқотнинг илк майдонларига айланди. Абдулла Қодирий ўзининг “Йиғинди гаплар” мақоласида ўша даврдаги аҳволни аччиқ кулги остига олади:    “Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва    басират ислоҳоти, […] ёшларға ахлоқ ва    кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва    салла, […] ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир”.

    Аммо, 30-йиллардаги сталинча қонли қатағонлар жадид етакчилари фаолиятига бутунлай барҳам берди. Миллат ойдинлари жисмонан йўқ қилинди, бироқ улар илгари сурган ғоялар халқнинг онгу тафаккури ва генетик кодида сақланиб қолди ва яшайверди. Мана, энди, орадан бир аср ўтиб, у янгича қиёфада бўй кўрсатди. Бугунги Учинчи Ренессанс — бу жадид боболаримиз бошлаган, тарихий фожиалар сабабли тугалланмай қолган улуғ ишнинг янги бир ижтимоий уйғониш сифатида қайтадан юз кўрсатиши, десак, хато бўлмайди.

    Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар хронологиясига назар ташлайдиган бўлсак, нозик бир қонуниятни кузатишимиз мумкин. Бу жараёндаги кетма-кетлик америкалик машҳур руҳшунос Абраҳам Маслоунинг эҳтиёжлар пирамидасига уйғун каби кўринади. Унга кўра, инсон ҳаётининг асосини    физиологик эҳтиёжлар, яъни овқат, сув, уйқу ҳамда бошпана ташкил этади.    Кейинги ўринда    хавфсизликка бўлган эҳтиёж    туради. Буларга ҳимоя, барқарорлик, қонун ва эртанги кунга бўлган ишонч ҳам киради. Бу эҳтиёжлар таъминланганидан кейингина    ижтимоий эҳтиёжларга ўрин берилади. Шундан сўнг ҳурмат ва инсоний қадр-қимматга бўлган эҳтиёжпайдо бўлади. Бу — эришилган ютуқларнинг эътироф этилиши, жамиятда ҳурмат-эътибор топиш ва ўз қадр-қимматини англаш демакдир. Ва энг охирги ўринда    ўзини намоён қилиш,    яъни, шахсий салоҳиятни юзага чиқариш, ижод, эркин тафаккур ва ўз ҳаёт йўлини топиб олиш каби масалаларга эътибор қаратиш мумкин бўлади. Яъни, биз орзу қилган онгли ва мамлакатни тараққиётга бошлайдиган жамиятни қуриш учун мана шу босқичлардан бирма-бир ўтишимиз керак бўлади.    

    Маслоу таъкидлаганидек:    “Ўлар даражада оч одамни овқатдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. Унинг тушига овқат киради... Бошқа ҳар қандай мақсадлар — эркинлик, муҳаббат, ҳурмат, фалсафа арзимас матоҳга айланиб қолади”.    

    Агар ана шу асосда фикрлайдиган бўлсак, мамлакатимизда 2016 йилда бошланган демократик ислоҳотларнинг биринчи босқичи жамиятнинг энг бирламчи эҳтиёжларини қондиришга қаратилди, деб хулоса чиқариш ўринлидек туюлади. Валюта конвертацияси, мажбурий меҳнатнинг бекор қилиниши, тадбиркорлик йўлидаги бюрократик ғовларнинг олиб ташланиши инсонга ўз қадр-қимматини қайтариб берди.    

    Албатта, кундалик сунъий тўсиқларни енгиш билан овора бўлган халқ технологик ва интеллектуал сакрашлар ҳақида ўйлай олмайди. Маърифатга эҳтиёж туғилиши учун, аввало, ижтимоий эҳтиёжлар таъминланиши шарт эди.

Минтақавий хавфсизлик ва яхши қўшничилик: Амир Темур ўгити

    Ҳеч бир Ренессанс жараёнлари дунёдан узилган ҳолда ёки ташқи таҳдидлар шароитида ривожлана олмайди. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари билан конструктив ва дўстона мулоқотни тиклангани Янги Ўзбекистон учун иккинчи муҳим қадам бўлди. Мамлакатимиз улкан ирода, жасорат ва ташаббус кўрсатиб, минтақадаги интеграция жараёнларининг локомотивига айланди. Бу сиёсат Амир Темурнинг ўз замонида шакллантирган давлатчилик тафаккури билан кўп жиҳатдан муштарак экани эътиборлидир:

    Соҳибқирон бобомиз “Тузуклар” асарида “Қўшнилар билан тинчлик ва тотувлик бўлмаган жойда савдо хонавайрон бўлади, мадрасаларда чироқлар ўчади, олимларнинг овози ўчади. Мулк фақат унинг атрофида тинчлик ва адолат ҳукм сургандагина мустаҳкамдир”, деб таъкидлайди.

                                    Бу бебаҳо фикрлар айнан бугунги кунимиз учун айтилгандек. Шундай эмасми?

    Туркистон жадидларининг йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам юрт равнақи учун халқаро муносабатларни ҳисобга олишнинг аҳамиятини таъкидлаган:    “50 сана муқаддамги замонда, биз туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз”.    

    Машҳур геосиёсатчи Збигнев Бжезинский “Буюк шахмат тахтаси” асарида:    “Марказий Осиёнинг ҳақиқий кучи ер ости бойликларида эмас, балки минтақанинг ягона барқарорлик, савдо ва маданият майдонига айлана олиш қобилиятидадир”,    деб минатақмиздаги бугунги ижобий жараёнларни олдиндан башорат қилгандек бўлади.

    Президентимиз доимо уқтириб келаётганларидек, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини бугун одамларнинг кундалик ҳаёти,        кайфияти, дунёқарашида яққол кўриш мумкин. Ёшларимизнинг нутқида чегаралар йўқлиги, ҳаётда маррани катта олаётганидан ҳам билиш мумкинки, Ўзбекистон инсоний жиҳатдан ҳам ривожланишнинг бутунлай янги босқичини бошдан кечирмоқда. Биз дунёга, илгари ўзимиз етолмаган имкониятларга очилдик, лекин шу билан бирга, жаҳонда кузатилаётган хавотирли вазиятлардан тўла ҳимояланган эмаслигимизни ҳам тан олишимиз керак.    

    Жадидларимиз    нега айнан эркинлик ва озодликка интилишган эди? Нега улар маориф ва матбуотни эркинликнинг ажралмас қисми деб билишди? Чунки    маърифатпарвар боболаримизоддий    бир ҳақиқатни чуқур англаб етган эдилар: эркинлик — бу шунчаки сиёсий мақом эмас,    балки    инсон тафаккури, унинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини    юзага чиқарадиган ижтимоий муҳит ҳамдир.    Қарам ва тобе инсон ижод қила олмайди, кашфиёт яратолмайди, Ватанинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига ололмайди. Тобелик инсонни фақат маиший кун кечириш ва кўр-кўрона бўйсуниш даражасида ҳаёт кечиришга мажбур қилади.

    Жадид намояндаларининг бой меросини архив тадқиқотлари доирасида қолдирмасдан, уларнинг маърифий кучидан ислоҳот жараёнлари ва ватанпарварлик тарбиясида фойдаланишда юқори даражадаги институционал кўмак муҳим роль ўйнамоқда. Президентимиз ташаббуси билан жадидлар фалсафаси замонавий қарорлар ва маданий трендлар тилига таржима қилинмоқда:

·                            Глобал илмий мулоқот:    Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” халқаро конференцияси дунёвий ҳуқуқий давлат барпо этиш, сўз эркинлиги ва таълимни модернизация қилиш бўйича юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жадидлар бошлаган йўлнинг ҳозирги кундаги давоми эканини яна бир бор тасдиқлади.

·                            Тил ва алифбо ислоҳоти:    лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига доир ислоҳотни якунига етказишга қаратилган ташаббус глобал рақамли маконга тўлиқ интеграциялашув йўлида муҳим қадам бўлиб, ўз вақтида жадидлар тил бўйича олиб борган мунозаралар билан ҳамоҳангдир.

·                            Маърифатни оммалаштириш:    маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган “Жадидлар. Туркистонга мактублар” мультимедиа кўргазмаси тарихий хотира ва хорижда таълим олаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга оид дастурлар ўртасида мустаҳкам кўприк яратди.

    Айни шундай ёндашув туфайли жадидчилик ҳаракати, унинг бой мероси фақат дарслик ва китоблардаги статик қайдлардан иборат бўлиб қолмасдан, давлат тараққиётининг динамик брендига айланиши учун шароит яратилди.

    Амалий ифода: Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг 35 йиллигига мўлжалланган миллий дастурлар

    Жадид боболаримизнинг орзу-армонлари бугунги кунда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги келажак барпо этамиз!” деган эзгу ғоя остида амалга оширилаётган ва 2036 йилгача мўлжалланган комплекс дастурларда ўз аксини топмоқда:

·                            “Кафолатли таълим ва келажак касблари”:    мактабгача таълимда қамровни 100 фоизга етказиш, 1 миллион нафар ёшни IT ва замонавий касбларга ўқитиш ҳамда мамлакатимиздаги камида 10 та олий ўқув юртини жаҳоннинг ТОП-рейтингларига (QS, THE) киритиш — жадидларнинг маърифатчилик миссиясини давлат миқёсида давом эттиришнинг амалий ифодаси, дейиш мумкин.

·                            Иқтисодий суверенитет:    2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, иқтисодиётга 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва юқори даромадли минглаб иш ўринларини яратиш орқали моддий мустақиллик асослари мустаҳкамланмоқда.

·                            Ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатлар:    маҳалла институтини модернизация қилиш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш ва соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағларни ЯИМнинг 5 фоизига етказиш — аждодларимизнинг қонун устувор бўлган ва ижтимоий масъулиятли давлат ҳақидаги ғоялари бугун эволюцион, яъни, тадрижий тарзда амалга оширилаётганидан далолат, дейиш мумкин.

    Ҳозирги кунда биз учун яна бир улуғ мақсад — Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда асосий бунёдкор куч бўладиган    эркин ва озод фикрлайдиган авлодни тарбиялашдан    иборат. Биз ёшларимизни буйруқ ва кўрсатмаларни кўр-кўрона бажарадиган пассив ижрочи эмас, балки мустақил фикрга эга, жаҳон стандартлари даражасида фикрлайдиган, ўз ҳақ-ҳуқуқи ва масъулиятини англайдиган комил инсонлар этиб камолга етказмоқчимиз. Президент мактаблари, IT-парклар, хорижда таълим олиш имкониятлари ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

    Америкалик социолог Фрэнсис Фукуяма таъкидлаганидек:    “Миллатнинг яшовчанлиги ва рақобатдошлиги унинг молиявий капитали билан эмас, балки ижтимоий ишонч даражаси ва институтлар сифати билан белгиланади”.    

    Учинчи Ренессанс — бу шунчаки шиор ёки мозийга эҳтиром эмас. Бу инсоннинг базавий эҳтиёжларини юксак даражада таъминлаш ва минтақада хавфсизликни мустаҳкамлашдан тортиб, фуқаролик субъект сифатидаги миллий ўзлиу туйғуси ва озод тафаккурни уйғотишгача бўлган йўналишларни қамраб оладиган узоқ муддатли ва пухта ишлаб чиқилган стратегиядир.

    Жадид боболаримизнинг қора ўтмишнинг ўта фожиали даврида тўлиқ рўёбга чиқмасдан қолган орзу-армонлари Янги Ўзбекистон шароитида амалга ошиб, ана шу стратегия асосида мустаҳкам институционал мақомда юксак босқичга кўтарилмоқда.    

    Биз – ёшлар бу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, қандай буюк ва ортга қайтмас жараёнларнинг иштирокчиси эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Юртимизнинг миллинолаб ўғил-қизлари бугун айни шундай фахр ва ишонч туйғуси билан: “Янги Ўзбекистоннинг ёруғ истиқболини мард ва олижаноб халқимиз билан биргаликда барпо этамиз ва бу йўлда олдинга боришдан ҳеч қачон чарчамаймиз!”    деб дадил майдонга чиқаётгани мамлакатимизнинг буюк салоҳияти ва имкониятидан далолат беради.

Висола ҚАРШИБОЕВА