Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Озиқ-овқат хавфсизлигининг мустаҳкам кафолати

14-10-2026 24
Давлатимиз раҳбари Халқаро пахта куни ҳамда Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро анжуманлар иштирокчиларига йўллаган табригида ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби муаммолар билан бирга логистика занжиридаги узилишлар ҳам озиқ-овқат нархининг ошишига олиб келаётганини таъкидлади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунё бўйича 645 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Халқаро экспертларнинг қайд этишича, тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, 2028 йилда бу рақам 1 миллиардга етиши мумкин.

    Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон озиқ-овқат етиштириш, жумладан, сабзавотчилик учун катта табиий ва иқтисодий салоҳиятга эга. Қулай иқлим, деҳқончилик анъаналари, катта ички бозор, меҳнат ресурслари, бир йилда икки-уч марта ҳосил олиш имконияти юртимизнинг бу соҳадаги табиий устунлигини белгилайди. Натижалар ҳам салмоқли.

    Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йилда республикада барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 13,7 миллион тонна сабзавот етиштирилди. Бу 2024 йилдагига нисбатан 1,2 фоиз кўп. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса иссиқхоналарнинг ўзидан 102 минг тонна сабзавот олиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоиз ўсиш қайд этилди. Бу рақамлар тармоқда ўсиш борлигини кўрсатади.

    Лекин энди масалани фақат ялпи ҳосил нуқтаи назаридан баҳолаш етарлими? Агар ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ортиб бораётган бўлса, нега бир гектардан олинаётган соф даромад, маҳсулот таннархи, сув самарадорлиги, сақлашдаги йўқотишлар ва кафолатланган сотув даражаси ҳам тармоқ самарадорлигининг асосий мезонларига айланмаслиги керак?

    Аслида, сабзавотчиликнинг кейинги тараққиёт босқичи айнан шу саволга берилган жавобга боғлиқ. Ҳосил кўпайиши ҳали самарадорлик дегани эмас. Қишлоқ хўжалигида узоқ йиллар “қанча гектарга экилди?” ва “қанча тонна маҳсулот олинди?” деган кўрсаткичларга устувор аҳамият берилди. Бу рақамлар, албатта, муҳим.

    Бироқ фермер нуқтаи назаридан натижанинг бошқа ўлчови ҳам бор: маҳсулот қайси таннархда етиштирилди? Унинг қанчаси сотилди? Қанчаси сақлаш ёки ташиш жараёнида йўқотилди? Мавсум якунида ишлаб чиқарувчининг қўлида қанча соф даромад қолди?

    Масалан, ҳосил 20 фоиз кўпайиб, бозор нархи 30 фоиз тушиб кетса, статистикада ўсиш қайд этилади, аммо фермернинг иқтисодий аҳволи яхшиланмаслиги мумкин. Шу сабабли сабзавотчиликда “кўпроқ етиштириш” моделидан “самарали ва даромадли етиштириш” моделига ўтиш вақти келди. Бунинг учун эса ишлаб чиқариш базасининг бир нечта асосий бўғини бир вақтнинг ўзида мустаҳкамланиши лозим.

    Барака уруғдан бошланади

    Сабзавотчиликнинг биринчи пойдевори — сифатли уруғ. Юқори ҳосилли, маҳаллий иқлим шароитига мос, касаллик ва қурғоқчиликка чидамли нав фермер учун ҳар қандай технологиядан олдинги асосий омилдир.

    Картошкачилик мисолида оладиган бўлсак, бу масаланинг нақадар муҳимлигини кўриш мумкин. 2023 йилдаги расмий таҳлилда соҳадаги ўртача ҳосилдорлик пастлиги, элита ва юқори репродукцияли уруғликдан фойдаланиш имкониятлари чеклангани, юқори сифатли уруғлик картошка етиштириш учун майдон, иссиқхона ва сақлаш қувватлари етишмаслиги, айрим касалликларни аниқлаш учун лаборатория базасини кучайтириш зарурлиги қайд этилган эди.

    Сўнгги йилларда уруғ сифатини назорат қилиш ва рақамлаштириш бўйича муайян ишлар қилинди. Жумладан, 2026 йилнинг биринчи чорагида уруғлик ва кўчатларга 3 миллион 750 мингдан ортиқ рақамли    QR-кодли ёрлиқ берилган. Шундан 616 мингдан зиёди сабзавот ва полиз экинлари уруғи ҳиссасига тўғри келади. Бу муҳим қадам, аммо сифатни назорат қилишнинг ўзи етарли эмас.

    Кейинги вазифа — маҳаллий селекция ва уруғчиликнинг бозордаги реал улушини ошириш. Илмий муассаса, уруғчилик хўжалиги ва фермер ўртасидаги занжир натижа бериши керак. Асосий сабзавот турлари бўйича маҳаллий шароитга мос навлар улуши, уларнинг ҳосилдорлиги ва ишлаб чиқарувчи учун иқтисодий самараси очиқ баҳоланиши мақсадга мувофиқ.

    Иккинчи масала — сув. Иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига босим кучайиб бораётган бир пайтда сабзавотчиликни фақат майдонни кенгайтириш ҳисобига ривожлантириш имконияти чекланган. Шунинг учун томчилатиб суғориш, тупроқ намлигини аниқ ҳисоблаш, сув билан озиқлантиришни уйғунлаштириш, замонавий агротехника ва рақамли мониторинг энди алоҳида илғор тажриба эмас, тармоқнинг иқтисодий заруратига айланиши керак.

    Бироқ фермерга “сув тежовчи технология жорий эт”, дейишнинг ўзи камлик қилади. Унга технологияни танлаш, ўрнатиш ва самарали ишлатиш учун агрономик ҳамда техник хизмат керак. Айниқса, кичик фермер ва деҳқон хўжалиги ҳар бир масала бўйича алоҳида мутахассис ёллаш имкониятига эга эмас. Шу ерда агросервис тизимининг сифати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Сабзавотчилик бугун тобора илмталаб тармоққа айланмоқда. Тупроқ таркиби, уруғ танлаш, ўғит меъёри, сув бериш вақти, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш, ҳосилни йиғиш муддати — буларнинг ҳар бири якуний таннархга таъсир қилади.

    Шу боис, ҳар бир сабзавотчиликка ихтисослашган туманда фермер фойдалана оладиган амалий агросервис нуқтаси бўлиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун янги бюрократик идора ташкил этиш шарт эмас. Илмий муассасалар, агрохизмат марказлари ва лабораторияларнинг имкониятларини бирлаштириш мумкин.

    Бозорни экишдан олдин ўрганиш шарт

    Сабзавотчиликдаги энг жиддий тизимли масалалардан бири — ишлаб чиқариш билан бозор эҳтиёжи ўртасидаги ахборот узилиши. Фермер бу йил нима экиш ҳақида қарор қабул қилар экан, кўп ҳолларда ўтган мавсумдаги нарх, шахсий тажриба ёки атрофидагиларнинг танловига таянади.

    Ўтган йили бир маҳсулот яхши даромад берган бўлса, кейинги мавсумда уни етиштиришга қизиқиш кескин ошиши мумкин. Кўплаб ишлаб чиқарувчилар бир хил қарор қабул қилса, ҳосил пишганда таклиф ортиб, нарх тушади. Кейинги йили эса аксинча жараён кузатилиши мумкин.

    Бу ҳолат бозор иқтисодиётининг табиий қисми. Лекин тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларида ахборот кечикишининг баҳоси жуда қиммат: фермер зарар кўради, маҳсулот нобуд бўлади, истеъмолчи эса нарх тебранишини ҳис қилади.

    Шу маънода, 2026 йил майда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ўтказилган расмий йиғилишда тегишли идоралар ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмагани ва маҳсулотни етиштиришдан истеъмолчигача кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани қайд этилди. Демак, муаммо маълумот йўқлигида эмас, балки маълумотнинг тарқоқлиги ва фермер қарорига ўз вақтида айланмаслигида.

    Бунинг амалий ечими бор. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги статистика, ҳудудий ишлаб чиқариш режалари, қайта ишлаш корхоналари эҳтиёжи, захира ва савдо маълумотларини бирлаштириб, ҳар мавсум олдидан картошка, пиёз, сабзи, помидор ва бошқа асосий 5-7 маҳсулот бўйича очиқ талаб ҳамда таклиф прогнозини эълон қилиши мумкин.

    Бу режали иқтисодиётга қайтиш эмас. Давлат фермерга “шуни экасан”, демайди. У “мана бу маҳсулот бўйича кутилаётган талаб, мавжуд майдон, қайта ишлаш эҳтиёжи ва бозор хавфи шундай” деган ахборотни тақдим этади. Қарорни фермернинг ўзи тахминга эмас, маълумотга таяниб қабул қилади.

    Омбор бор. Аммо фермер ундан фойдалана оляптими? Ҳосилни етиштириш — ишнинг ярми. Уни саралаш, совитиш, сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва ўз вақтида сотиш имконияти бўлмаса, мўл ҳосил ҳам юқори даромадни кафолатламайди. 2026 йил 12 май ҳолатига кўра, мамлакатда 1,5 миллион тонна сиғимга эга сақлаш омборлари ва 3,5 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлаш қуввати мавжуд. 2026 йил июлида эса йил якунига қадар жами 87 минг тонна сиғимли яна 340 та совитиш омборини ишга тушириш вазифаси белгиланди. Бу — катта ресурс.

    Энди асосий савол: унинг қанчаси самарали ишлаяпти? Қайси туманда қандай омбор мавжуд? Унинг бўш қуввати қанча? Қайси маҳсулотни қандай ҳароратда сақлаш мумкин? Хизмат нархи қанча? Қайси қайта ишлаш корхонасига қандай хомашё зарур?

    Шу маълумотларни қамраб олган ягона очиқ электрон харита фермер учун янги омбор қуришдан кам аҳамиятли эмас. Натижани баҳолашда ҳам “қанча қувват яратилди?” деган савол билан чекланмай, “қувватнинг неча фоизи ишлатилди ва қанча маҳсулот йўқотилишининг олди олинди?” деган мезонга ўтиш шарт.

    Мезон — фермер даромади

    Ишлаб чиқаришни барқарорлаштиришнинг яна бир воситаси — шартномавий етиштириш. Фермер мавсум бошланишидан олдин қайта ишловчи корхона, экспортчи ёки савдо тармоғи билан маҳсулот тури, ҳажми, сифати ва харид шартларини келишиб олса, унинг таваккал хавфи камаяди. Харидор эса келгуси хомашё ҳажмини олдиндан режалаштиради. Аммо бу механизмнинг ишлаши учун шартнома икки томон учун ҳам ҳақиқий кафолат бўлиши лозим.

    Шу мақсадда асосий сабзавот турлари учун соддалаштирилган намунавий контрактлар, маҳсулотни қабул қилмаслик ёки етказиб бермаслик ҳолатларида тезкор низо ҳал қилиш тартиби, шунингдек, суғурта ва қисман олдиндан молиялаштириш механизмларини кенг қўллаш мумкин. Бу фермер учун “ҳосилни қаерга сотаман?” деган саволни экишдан кейин эмас, ундан олдин ҳал қилиш имконини беради.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан ҳам асосий мезон — фермер даромади. Бу масала Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган миллий БРМ вазифаларида иккинчи мақсад озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш сифатида белгиланган.

    Унда, шунингдек, 2030 йилгача озиқ-овқат етиштириш самарадорлиги билан бирга ишлаб чиқарувчилар даромадини ошириш, барқарор ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, ички бозорга маҳсулот етказиб беришни тизимли мониторинг қилиш ҳам белгиланган. Демак, БРМ нуқтаи назаридан ҳам натижани фақат тонна билан ўлчаш етарли эмас.

    Фермернинг даромади қанча ошди? Бир гектардан қанча соф фойда олинди? Бир тонна маҳсулот учун қанча сув сарфланди? Ҳосилнинг қанчаси сақлаш ва ташиш жараёнида йўқотилди? Қанчаси қайта ишланиб, қўшимча қиймат яратди? Ана шулар сабзавотчиликнинг ҳақиқий барқарорлигини кўрсатади.

    Еттита муҳим қадам

    Соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун янги йирик идора тузиш ёки маъмурий режалаштиришни тиклаш шарт эмас. Мавжуд тузилма ва маълумотларни ягона натижага йўналтиришнинг ўзи катта ўзгариш бериши мумкин.

    Биринчидан, сабзавотчиликка ихтисослашган ҳар бир ҳудуд учун ишлаб чиқариш паспортини шакллантириш зарур. Хусусан, ер ва сув имконияти, асосий экинлар, ўртача ҳосилдорлик, уруғга эҳтиёж, омбор, қайта ишлаш ва сотув каналлари ягона ҳужжатда акс эттирилиши лозим.

    Иккинчидан, асосий 5-7 та маҳсулот бўйича экиш мавсуми олдидан талаб-таклиф прогнозини очиқ эълон қилиш. Бунинг учун янги статистика тўплаш эмас, идораларнинг бор маълумотини бирлаштириш кифоя.

    Учинчидан, маҳаллий селекция ва уруғчилик бўйича аниқ натижа мезонларини белгилаш: сертификатланган уруғ билан қамров, ҳосилдорликка таъсир ва фермер таннархидаги ўзгариш.

    Тўртинчидан, ихтисослашган туманлардаги муассасалар кесимида фермерга тупроқ, сув, озиқлантириш ва ўсимлик касалликлари бўйича тезкор хизмат кўрсатадиган агросервис нуқталарини кўпайтириш.

    Бешинчидан, сақлаш омборлари ва қайта ишлаш корхоналарининг жойлашуви, бўш қуввати ва хизмат шартларини кўрсатадиган очиқ электрон базани ишга тушириш.

    Олтинчидан, қайта ишловчи ва савдо тармоқлари билан контракт асосида етиштириш улушини ошириш, намунавий шартнома ва низоларни тез ҳал қилиш механизмини жорий этиш.

    Еттинчидан, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари фаолиятини фақат ялпи ҳосил билан эмас, ҳосилдорлик, таннарх, фермернинг соф даромади, маҳсулот йўқотилиши ва сув самарадорлиги бўйича ҳам баҳолаш.

    Бу таклифларнинг муҳим жиҳати шундаки, улар катта маъмурий ислоҳот эмас, мавжуд тизимнинг ишлаш мантиғини ўзгартиришга қаратилган.

    Ўзбекистонда сабзавотчилик учун имконият катта. Масала энди бу салоҳиятнинг мавжудлигини исботлашда эмас, балки уни барқарор даромад ва рақобатбардош ишлаб чиқаришга айлантиришда. Бунинг учун сифатли маҳаллий уруғ зарур. Сувдан тежамкор фойдаланиш лозим. Илм ва агросервис фермерга етиб бориши керак. Фермер бозор талабини экишдан олдин билиши шарт.    Қолаверса, етиштирилган маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш тизими ишлаб туриши даркор.

    Энг муҳими, соҳанинг муваффақияти “қанча тонна ҳосил олдик?” деган биргина савол билан эмас, “фермер қанча даромад олди ва шу натижани келаси йили ҳам такрорлай оладими?” деган мезон билан баҳоланиши лозим. Шунда сабзавотчиликдаги ўсиш рақамлардаги мавсумий натижа бўлиб қолмайди. У уруғдан бозоргача бўлган яхлит занжирга, фермер манфаатига ва замонавий технологияга таянган барқарор тизимга айланади.

    Жаҳонгир ИСАЕВ

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи

        

    «Янги Ўзбекистон» газетаси        |        2026 йил 9 октябрь        |        № 209 (1808)        |        4-бет