2025 йил 19 ноябрь куни Халқаро Нордик университетида “Ўзбекистон–2030” стратегияси: амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлили, муаммолар ва ечимлар” мавзусида мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини қамраб олган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Мазкур анжуманда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, экология, ташқи сиёсат, рақамли трансформация, туризм ва жамият ривожи каби устувор соҳалардаги ислоҳотларни илмий жамоатчилик иштирокида таҳлил қилиш, уларнинг амалий натижаларини муҳокама этиш ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилашга асосий эътибор қаратилди.
Конференцияда Барқарор ривожланиш маркази эксперти Искандар Ўроқбоев “Ўзбекистон-2030” стратегиясида озиқ-овқат хавфсизлиги: барқарор ривожланишни таъминлашда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари” мавзусидаги маруза билан иштирок этди.
Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви, турли инқирозлар, жумладан пандемиялар, табиий офатлар ҳамда геосиёсий муаммолар мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бўлган эҳтиёжини кескин ошириб бормоқда. Жумладан, 2024 йилда тахминан 673 миллион одам очликка дуч келган бўлиб, бу жаҳон аҳолисининг 8,3 фоизини ташкил этади. Худди шу даврда тахминан 2,3 миллиард одамўртача ёки оғир даражадаги озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини бошдан кечирган.
Бундай шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳар бир давлат учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон учун ҳам ушбу масала устувор аҳамиятга эга бўлиб, у мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Маърузада қуйидаги йўналишлар муҳокама этилди:
Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани;
Анъанавий тарзда пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган айрим ер майдонлари қисқартирилиб, ўрнига сабзавот, дуккакли ва полиз экинларини етиштиришга устувор аҳамият қаратилаётгани;
Қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация тизимларининг жорий этилиши қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширгани;
Томорқа хўжаликларига давлат томонидан имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилаётгани.
Шу билан бирга, инновацион ечимлар ва замонавий технологиялар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Хусусан, блокчейн технологияларининг жорий этилиши маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ва таъминот занжирини шаффофлаштиришда ўз самарасини бермоқда. Агрологистика тизимини такомиллаштириш, сақлаш иншоотларини модернизация қилиш орқали маҳсулот йўқотишларини камайтиришга эришилаётганлигига алоҳида урғу берилди.
Конференцияда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги қатор муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Жумладан, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
Иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Глобал инқирозлар — пандемия, иқтисодий ноустуворлик ва жаҳон иқтисодий тебранишлари озиқ-овқат таъминотига хавф туғдирмоқда.
Илмий тадқиқотлар ва малакали кадрлар етишмаслиги соҳада ривожланишга тўсиқ бўлмоқда.
Таклиф сифатида самарали ўқитиш ва тренинг дастурларини йўлга қўйиш, соҳада илмий изланишларни кучайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича келгуси режалар, вазифалар белгилаб олинди. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада изчил равишда олиб борилишига хизмат қилади.