Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистоннинг барқарор тўқимачилик саноати салоҳияти Европа нашри эътиборида

23-11-2026 24
    Барқарор ривожланиш маркази экспертининг Ўзбекистон–Европа Иттифоқи ҳамкорлиги истиқболларига бағишланган таҳлилий мақоласи EUReflect халқаро нашрида чоп этилди.

    2026 йил 21 ноябрда Европа ва халқаро муносабатларга ихтисослашган EUReflect нашрида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаевнинг “From Cotton to Credibility: Can Uzbekistan Meet Europe’s New Sustainability Test?” («Пахтадан халқаро ишонч сари: Ўзбекистон Европанинг янги барқарорлик талабларига жавоб бера оладими?») номли инглиз тилидаги таҳлилий мақоласи эълон қилинди.

    Мақолада Ўзбекистон тўқимачилик саноатини модернизация қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Европа Иттифоқи бозорида шаклланаётган экологик ва технологик талабларга мослашиш имкониятлари таҳлил қилинган.

    Муаллиф таъкидлашича, халқаро бозорда рақобатбардошликни таъминлашда маҳсулот нархи ва сифати билан бир қаторда, ишлаб чиқариш жараёнларининг ресурс самарадорлиги, экологик кўрсаткичлари ва шаффофлиги ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Материалда Европа Комиссияси маълумотларига таяниб, 2024 йилда Ўзбекистондан Европа Иттифоқига GSP+ имтиёзлари асосида амалга оширилган товарлар импорти 448,2 миллион еврога етгани қайд этилган. Бу мамлакатнинг Европа бозори билан савдо алоқаларини янада ривожлантириш салоҳиятини кўрсатади.

    Шунингдек, Европа Иттифоқида 2027 йилдан қўлланадиган янгиланган савдо қоидалари ҳамда тўқимачилик маҳсулотларига оид ишлаб чиқилаётган экологик стандартлар таҳлил қилиниб, миллий корхоналарнинг ушбу ўзгаришларга босқичма-босқич тайёргарлик кўриши муҳимлиги асосланган.

    Мақолада Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тўртта устувор йўналиш таклиф этилган:

    ·                Тўқимачилик маҳсулотларининг келиб чиқиши ва ишлаб чиқариш босқичларини кузатиш имконини берувчи пилот лойиҳаларни амалга ошириш.

    ·                Сув ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда уларнинг натижадорлигини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш.

    ·                Европа технология компаниялари ва Ўзбекистон корхоналари иштирокида қўшма инновацион лойиҳаларни ривожлантириш.

    ·                Кичик ва ўрта корхоналарнинг Европа бозори талабларига мослашишини технологик ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.

    Муаллиф ушбу ёндашувлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, жумладан, тоза сув ва санитария (6-мақсад), саноат ва инновациялар (9-мақсад), масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш (12-мақсад) ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш (13-мақсад) билан бевосита боғлиқлигини кўрсатиб берган.

    Таҳлилий материалнинг асосий хулосаси шундан иборатки, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида барқарор тўқимачилик саноати бўйича ҳамкорликни кучайтириш нафақат экспорт имкониятларини кенгайтириш, балки замонавий технологияларни жалб этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилиши мумкин.

    Мақоланинг тўлиқ матни (инглиз тилида): https://www.eureflect.com/from-cotton-to-credibility-can-uzbekistan-meet-europes-new-sustainability-test