Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда йилиги 3 миллион тонна озиқ-овқат исроф бўляпти, нимадир қилиш керак!

25-04-2022 385

    Статистика

БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи чиқиндига айланган. Ваҳоланки, йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 25 фоизи (❗️) муҳтожларга берилса, бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкин!

    Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тонна истеъмол маҳсулотлари исроф қилинади. Биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади. Бу эса фақатгина пойтахтда йилига 730 тонна нон маҳсулоти чиқиндига айланишини англатади.    

    Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 4 миллион аҳоли кам таъминланган ҳисобланиб, даромадининг 67 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайди.

    Муаммо

Қанча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари омбордан пештахтага келгунча яроқлилик муддати қисқаради. Импорт маҳсулотлар ҳужжати тўғри бўлмаса, божхона омборларида қолиб кетади ва йўқ қилинади.

    Супермаркетларда яроқлилик муддати тугаб сотилмай қолган маҳсулотлар шунчаки исроф бўлади, ҳатто чегирмалар ҳам бунга ёрдам бермайди.

    Кўриниб турибдики, бу ерда қандайдир тизимли муаммо бор, кимлардир озиқ-овқатга етиб бора олмаяпти, қаердадир озиқ исроф бўляпти.

    Супермаркетлар яроқлилик муддати оз қолган маҳсулотларни муҳтожларга тўғридан-тўғри бериб юборгандан кўра, йўқ қилгани фойдалироқ – солиқ тўламайди. Муҳтожларнинг бу озиқ-овқатларга етиб бориши, уларни тўғри ва манзилли тақсимлаш тизими йўлга қўйилмаган. Озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз тақдим этишни рағбатлантириш тизими мавжуд эмас.

    Агар озиқ-овқат маҳсулотларидан самарали фойдаланиш тизими бўлганида эди, балки шунча нарса исроф бўлмасди, озиқ-овқатга муҳтожлар камаярди, қанча касалликлар ва бошқа ижтимоий муаммоларнинг олди олинарди.

    Бошқаларда қандай?

Масалан, Германияда яроқлилик муддати оз қолган озиқ-овқат маҳсулотлари    беғараз тақдим қилинганда, нол ставкада ҚҚС ҳисобланади.    

    Қозоғистонда озиқ-овқатни беғараз тақдим этган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бор.

    Францияда эса савдо дўконлари сақлаш муддати тугаган, аммо истеъмолга яроқли бўлган, узоқ муддат ўз сифатини сақлаб қоладиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол учун хайрия фондларига    беғараз тақдим этиши шарт!

    Ечим керак!

Бизда ҳам самарали фудшеринг платформаларини ривожлантириш, озиқ-овқат банклари фаолиятини    йўлга қўйиш вақти келди.

    Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини олдини олиш, солиқ маъмурчилиги ҳамда маҳсулотларни яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш, хайрия фаолиятини ривожлантириш учун электрон платформаларни яратишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

    Исроф ёмон, шунча нарсанинг уволи бор.

    Мақола ижтимоий тармоқдан олинди