Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

ЎЗБЕКИСТОНДА МАҲАЛЛА ИНСТИТУТИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

20-04-2026 350

    2026 йил 20 апрель куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари иштирокида “Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

    Мазкур тадбирда жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда давлат бошқарувини халқчил тамойиллар асосида такомиллаштиришда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, маҳалла тизими жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва давлат сиёсатининг ижросини таъминлашда муҳим бўғин сифатида намоён бўлмоқда.

    Бугунги кунда маҳалла фақат маъмурий-ҳудудий бирлик бўлиб қолмай, жамоатчилик назорати, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкам таянчига айланди. “Маҳалла еттилиги” механизми аҳолининг турли муаммоларини жойида ва тезкор ҳал этиш имконини яратди. Маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва фуқароларнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.    

    Шунингдек, 2026 йилда маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча молиявий маблағлар ажратилмоқда. Бу эса маҳалла институтининг ролини янада кучайтириб, ислоҳотларнинг маҳаллий даражада самарали амалга оширилишини таъминлайди ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга мустаҳкам замин яратади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтини давлат ва жамият ҳаётида янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик қарор сифатида баҳоланди.