Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда маданий ижтимоий капитални ривожлантириш: Институционал ислоҳотлар ва таълим трансформацияси таҳлили

24-04-2026 124

        Бугунги кунда мамлакатимизда миллий маданият ва санъат соҳасининг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, бошқарув тизимини замонавий стандартлар асосида модернизация қилиш давлат сиёсатининг устувор мақсадларига айланди. Мазкур ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ), хусусан, сифатли таълим (4-БРМ), муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш (8-БРМ) ҳамда барқарор шаҳар ва яшаш пунктлари (11-БРМ) каби глобал кўрсаткичлар билан интеграция қилиш соҳа ривожини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини беради.

        Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 21 апрель куни имзоланган ПҚ–150-сонли қарорсоҳадаги бошқарув тизимини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжат билан маданият марказларининг фаолиятини трансформация қилиш, уларни фақатгина маънавий маскан эмас, балки технология, муҳандислик ва ҳунармандчилик каби инновацион йўналишлар марказига айлантириш белгиланди. Бундай ёндашув маданий муассасаларнинг жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий фойдалилик даражасини оширади.

        Тизимдаги таркибий ўзгаришлар ҳақида сўз борганда, маданият марказларининг маҳаллий ҳокимликлар тасарруфига ўтказилиши ва соҳага хусусий инвестицияларни жалб этиш механизмлари жорий этилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида самарасиз муассасалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 2026 йил 1 июлдан “Тумор” давлат рақс ансамбли каби янги ижодий тузилмаларнинг ташкил этилиши миллий санъатни профессионал даражада қўллаб-қувватлашга қаратилган.

        Маданият ва санъат таълимини сифат жиҳатдан юксалтириш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб тизимда мутлақо янги — “2+2” интеграциялашган таълим дастурлари жорий этилади. Бунда техникум битирувчиларининг олий таълим билан узвий боғланиши ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг яшаш ва таълим харажатлари тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши соҳанинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлайди. Соҳа ходимларини рейтинг асосида баҳолаш ва рағбатлантириш тизими эса миллий қадриятларни асрашда янгича мотивация муҳитини яратади. Таҳлилий нуқтаи назардан қарасак, маданият ва санъат соҳасида барқарор тараққиётга эришиш учун давлат бошқаруви ва хусусий сектор ҳамкорлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлаш марказий аҳамиятга эга. “Маданият меҳмонхонаси” каби маданий кластер лойиҳаларининг ишга туширилиши соҳани нафақат маънавий, балки даромад келтирувчи ва инвестициявий жозибадор тармоққа айлантиради.

        Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини халқаро майдонда кенг намоён этишга хизмат қилади. Маданий сиёсатни БРМ индикаторлари асосида баҳолаб бориш эса миллий стратегияларни жаҳон тажрибаси билан қиёслаш ва соҳанинг узоқ муддатли барқарорлигини кафолатлашда мустаҳкам пойдевор бўлади.

    Мадинабону Шарифова Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси