Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда Ислом молия-банк тизимини шакллантириш ва ривожлантириш муаммолари

09-11-2025 48

2025 йилнинг 7 ноябрь куни Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси ташаббуси билан Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида, Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси билан ҳамкорликда    “Ўзбекистонда Ислом молия-банк тизимини шакллантириш ва ривожлантириш муаммолари”мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Хоразм вилояти банклари ходимлари, тадбиркорлар, университет профессор-ўқитувчилари, магистрлар ва иқтидорли талабалар ҳамда иқтисодчи мутахассислар иштирок этдилар.

    Давра суҳбатини Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ректори в.б., профессор Ходжаниязов С.У., Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, профессор Салаев С.К. очиб берди. Давра суҳбатида Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори, ЎзФА академиги Тухлиев Н., Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Абдуллаев Р., Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий тадқиқот маркази сектори мудири Аброров С., Islamic Bissnes and Finance,директори,    Phd    Имомназаров Ж., Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор Б. Рузметов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

    Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар Ислом молия тизимининг назарий ва амалий жиҳатларини кенг қамровли муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, ислом молия тизими анъанавий молия тизимидан асосий жиҳатлари билан фарқ қилади: бунга фоизсиз кредитлаш принсипи, молиявий операцияларда шаръий меъёрларга амал қилиш, риск ва даромадни бўлиш тамойили, шунингдек, инвестицион лойиҳаларни экологик ва ижтимоий барқарорлик мезонларига мувофиқлаштириш киради. Мутахассислар Ўзбекистонда ислом молия тизимини ривожлантириш омилларини аниқлаб, бу жараёнда норматив-ҳуқуқий база, молиявий институтларнинг етуклиги, халқаро тажриба ва инновацион технологияларни жорий қилиш муҳимлигини таъкидлашди.

    Шунингдек, тадбирда анъанавий ва ислом капитал бозорларининг умумий ва фарқли жиҳатларини таққослашга алоҳида эътибор қаратилди. Умумий жиҳатлар сифатида молиявий инструментлар, инвестиция жалб қилиш механизмлари ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган стратегиялар келтирилди. Фарқли жиҳатлар эса ислом молиясининг шаръий принсиплар асосида ишлаши, фоизсиз операциялар, даромад ва рискни адолатли тақсимлаш тамойили ҳамда ижтимоий масъулиятни ҳисобга олиши билан изоҳланди.

    Тадбир давомида Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари профессор Б.Рузметов Ўзбекистон минтақаларини барқарор ривожлантиришда ислом молия тизими ва анъанавий молия механизмларини интеграциясининг стратегик аҳамияти ҳақида гапирар экан, интеграциялашган ёндашув минтақавий инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда самарадорликни ошириши, иқтисодий барқарорликни таъминлаши ва ҳудудий тафовутларни камайтириши иштирокчиларнинг этиборини тортди.    

    Профессор Б. Рузметов таъкидлаганидек, сўнгги йилларда ислом молияси жаҳон молия тизимининг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бирига айланди. 2024–2025 йиллар бўйича эълон қилинган халқаро ҳисоботлар глобал ислом молия бозори ҳажми барқарор ўсишда эканини, унинг асосий сегментлари ва молиявий инструментлари изчил ривожланаётганини кўрсатмоқда.

    2024 йил якунига кўра, ислом молияси активлари 4,2–4,5 трлн АҚШ долларига етгани қайд этилмоқда. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баробар юқори бўлиб, соҳа йиллик 10–12 фоиз суръатда ўсиб бормоқда. Солиштириш учун, анъанавий банк тизимида ўртача ўсиш даражаси 4–5 фоизни ташкил этади. Шу маънода, ислом молияси ҳозирги глобал молия бозорлари ичида энг динамик ва истиқболли йўналишлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.

    Шу билан бирга, профессор тармоқни ривожлантиришда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, мавжуд халқаро тажрибаларни пухта ўрганиш, шариат талаблари билан миллий қонунчилик уйғунлигини таъминлаш муҳим эканини таъкидлади. Айниқса, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг шариат ва молиявий билимларини биргаликда шакллантириш стратегик аҳамият касб этади.

    Профессор Рузметовнинг таъкидлашича, исломий иқтисодий моделнинг барқарор ривожланиш концепцияси билан уйғунлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Барқарор ривожланишнинг уч асосий тамойили — иқтисодий манфаат, ижтимоий адолат ва экологик масъулият — ислом молияси қоидалари билан тўлақонли мос келади. Шу боис, ислом молиясини ривожлантириш нафақат молиявий тизимни диверсификация қилади, балки жамиятда адолат, инклюзивлик ва экологик масъулиятни кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

    Тадбир давомида иштирокчиларга амалий мисоллар келтирилиб, масалан, қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни ривожлантиришда ислом молия инструментларини қўллаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш, экологик ва ижтимоий меъёрларга мувофиқ инвестицияларни жалб қилиш йўллари кўрсатилди.

    Конференция дебат шаклида ташкил этилган бўлиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар ҳам берилди.

    Бу каби давра суҳбатлари Ўзбекистонда ислом молия тизимини чуқур ўрганиш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, иқтисодиётда адолатли, хавфсиз ва барқарор молия механизмларини жорий қилишга, инвестиция муҳитини яхшилашга, экологик ва ижтимоий масъул молия амалиётини ривожлантиришга, кадрлар тайёрлаш ва илмий мулоҳазаларни бойитишга хизмат қилади.

Барқарор ривожланиш маркази

Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари профессор        Б.Рузметов