Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига старт берилди!

06-08-2026 30

    Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига старт берилди!

    2026    йил 6 август куни    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ойлигига расман старт берувчи    “Барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий тараққиётнинг янги босқичи”    мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди.

    Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди. Анжуманда парламент аъзолари, БМТ ва Парламентлараро иттифоқ вакиллари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Конференция ишида    Барқарор ривожланиш маркази директори Э. Саминов    ҳам фаол қатнашиб, соҳани истиқболда ривожлантиришга қаратилган амалий таклифларини тақдим этди.

    БРМ ойлигини ўтказишдан асосий мақсад — аҳолида БРМ ғояларига бўлган дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини кенг намоён этиш ҳамда умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни консолидация қилишдан иборат. Ойлик давомида республика миқёсида комплекс тадбирларни амалга ошириш, жумладан, парламент эшитувлари ва маҳаллий Кенгашлар сессияларини ўтказиш, илмий-амалий конференциялар, форумлар, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш, маҳаллаларда учрашувлар ва манзилли тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳамда медиа-лойиҳаларни татбиқ этиш назарда тутилган.

    Стратегик ёндашув асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг 70 фоизидан ортиғи бўйича сезиларли ижобий натижаларга эришилди, 45 фоизи бўйича эса белгиланган кўрсаткичлар тўлиқ рўёбга чиқарилди.

    Хусусан, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йил якунида    5,8 фоизга    қисқарди. Таълим соҳасида мактабгача таълим билан қамров    27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса    8,3 фоиздан 47,7 фоизга    етказилди. Гендер тенглиги бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар эвазига давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши    35 фоизга, Қонунчилик палатасида    38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда эса    32,5 фоизга    ошди.

    Олиб борилган тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида    2026 йилда Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида (SDG Index)    169 та давлат орасида    65-ўринни    эгаллади.

    Бу эришилган натижалар ва илгари сурилган истиқболли ташаббуслар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда барқарор тараққиётни кафолатлашга хизмат қилаётганининг яққол академия ва амалий ифодасидир.